Фалакий ҳисоб-китобларга кўра, ҳижрий 1445 йил Рабиус соний ойининг 1-куни — 2023 йил 16 октябрь душанба кунига тўғри келмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар шундай дуо қилардилар:
"اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ رَبِّي وَرَبُّكَ اللهُ"
Ўқилиши: "Аллоҳумма аҳиллаҳу алайна билюмни вал иймани, вас-салаамати вал-Ислами, Роббий ва Роббукаллоҳ”.
Маъноси: "Эй, Аллоҳим! Бу ойни бизларга барака ва имон, саломатлик ва Ислом ойи қилгин! Эй, ҳилол, менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳдир!".
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази