Динимизда тарғиб қилинган амаллардан бири бу қабристонларни зиёрат қилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِى زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ الآخِرَةَ »
“Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, деганлар ( Имом Термизий ривояти).
Ислом дини келган дастлабки йилларда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари ила қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эди. Бу қайтариқ умумий бўлгани сабабли Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам оналарининг қабрини зиёрат қила олмаган эдилар. Сабаби, одамлар орасида Ислом ақидаси ва бошқа илмлар тўлиқ шаклланмаган, инсоният ширкдан буткул халос бўлмаган эди.
Кўп амаллар қатори қабрларни зиёрат қилишда ҳам жоҳилият амаллари аралашиб қолишининг хавфи бор эди. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишилар қалбини Исломий таълимот билан суғориб, одамларнинг динирй савияси ошгач, марҳумларнинг қабрларини зиёрат қилишга рухсат берилди. Шунда Расули акрам алайҳиссалом мазкур ҳадисни айтдилар ва кишиларга қабристон зиёратидан кўзланган асл мақсадни ҳам эслатиб, таъкидлаб қўйдилар. Мақсад – охиратни эслаш.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жуда кўп жойлар, хусусан, масжидлар, мадрасалар ва қадамжолар обод этилди. Динимиз ва илм-фан ривожига беназир ҳисса қўшган аждодларимизнинг мангу қўним топган масканлари қатори деярли барча қабристонлар обод қилинди. Бундан кўзланган мақсад зиёратчилар учун қулайликлар яратиш, Қуръон тиловати сабабли ўтганларимиз руҳларини шод этиш, холос.
Шу билан бирга, дунё ташвишларидан чарчаган, ҳаёт жозибадорлигига берилиб, охиратни унутган кишиларни тафаккурга ундаш, ҳар бир жон бир кун шу манзилда ётиши муқаррар эканлигини эслатишдир.
Бироқ сўнгги пайтларда одамлар орасида қабристоннинг қандай жой эканини унутганлар кўпайди. Унинг ҳайбатини ҳис қилмасдан, қабрлардан ибрат олмайдиган кишилар учраб турибди. Ҳатто жанозага бориб, қайсидир яқинини лаҳадга қўйиб ҳам ибрат олмайдиганлар бор. Қабристонда ҳам дунёвий гаплар, ғийбат, миш-мишлар урчиди. Таъзияларда, қабристонларда тамаки тутатиб, нос чекувчиларни кўриб, дилимиз хуфтон бўляпти.
Ахир, наҳотки улар қабристон бу дунё манзили эмаслигини англамайдилар? Уларнинг кўз олдида турган бу қабрлар остида ё жаннат ёки дўзахдан бир туйнук очилганини ҳис қилмайдилар. Лоақал, ўн беш дақиқа ўлимни эслаб, қилган гуноҳ ва камчиликларини кўз олдига келтириб, Аллоҳга истиғфор айтмайдилар. Қанчадан-қанча дуо ва истиғфорга муҳтож марҳумлар учун лоақат икки оят Қуръон ўқиб, дуо қилмайдилар?
Наҳотки, қалбимиз шунчалар қорайиб кетди? Азизлар, қабристон бу оддий жой эмас. Бу пушаймонлар, умидворлар, азоб ёки роҳат эгалари ётадиган жой. Унинг одобини жойига қўйинг.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир қабр рўпарасида овқат еяётган кишини кўрдилар ва: “Аллоҳга қасамки, бу киши мунофиқ”, дедилар. Шунда ёнларидаги кишилар сўрашди: “Эй имом, нима сабабдан бир кишини қасам билан мунофиқлигига гувоҳлик беряпсиз? Сабаби нима?” У киши жавоб бердилар: “Кўз олдида жаннат ёки дўзах, азоб ёки роҳат турганини билиб, кўриб туриб томоғидан овқат ўтаётган киши мунофиқ бўлмасдан ким ҳам бўлиши мумкин?”.
Шундай экан, мўминлар ётган жойни, яхши амаллари учун ҳам, ёмон амаллари учун ҳам ҳисоб-китоб кутиб ётган кишилар маконини беҳурмат қилманг. Аллоҳ насиб қилса, бир кун шу манзилда ётиш барчамизнинг бошимизда бор. Бас, шундай экан, ётар жойингизни бугун “обод” қилиб қўйинг. Мармарлар, дабдабалар билан эмас, солиҳ амаллар, яхшиликлар ва ибодатлар билан обод қилинг!
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рукудан аввал ва рукудан кейин қўллар отнинг думига ўхшаб кўтарилмайди. Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари намозда рукудан аввал ва рукудан кейин ёки учинчи ракатнинг қиёмига турганда қўл кўтарилмаслигини айтадилар. Бу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қиладилар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқиб: «Нимага сизларни икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар» дедилар (Имом Муслим ривояти).
Асваддан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттобнинг аввалги такбирда икки қўлини кўтарганини кўрдим. Кейин буни қайтармади» Имом Таҳовий ривояти.
Осим ибн Кулайб отасидан, у Алқамадан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?» деб намоз ўқиди. Икки қўлини биринчи мартада кўтаргандан бошқа кўтармади».
Саждага борганда аввал тизза ерга қўйилади. Саждага борилаётганда ерга яқин аъзолар бирин-кетин ерга қўйилади, яъни аввал тизза, кейин қўллар ва юз. Саждадан тураётганда ердан узоқ аъзолар биринчи кўтарилади, яъни юз, қўл, тизза. Заруратсиз ерга таяниб туриш макруҳ. «Фатавои Ҳиндия» китобида бундай дейилади: «Агар намозхон сажда қилишни хоҳласа, аввало ерга яқин бўлган аъзони (ерга) қўяди. Бас (шундай экан), аввал тиззасини, сўнг икки қўлини, сўнг бурнини, сўнгра пешонасини ерга қўяди. Саждадан турганида аввал пешонасини, сўнг бурнини, сўнгра икки қўлини кўтаради...».
«Мухтасарул-виқоя» китобида эса: «(Намоз ўқувчи) рукудан сўнг такбир айтади ва сажда қилади. Саждага бориш асносида аввал тиззаларини сўнгра қўлларини ерга қўяди, (саждадан турганида) такбир айтади ва аввал бошини сўнгра икки қўли ва тиззаларини ердан кўтаради...», дейилган.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сажда қилганларида қўлларидан аввал тиззаларини ерга қўйганларини ва саждадан қайтаётганларида тиззаларидан аввал қўлларини ердан кўтарганларини кўрдим», дейилади (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Бошқа ривоятда эса: «Биз ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг намозларидан шуни ўргандикки, у киши руку қилганларидан кейин ҳудди туя чўккалагандек чўккалар эдилар ва тиззаларини қўлларидан аввал ерга қўярдилар», дейилади (Имом Таҳовий Алқама ва Асвад розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).
Бу борада бир қанча ҳадислар мавжуд. Моликий мазҳабидан ташқари барча мазҳаб олимлари ушбу ҳадисларни дақиқ ўрганиб, «сажда қилишда аввало ерга яқин аъзолар ерга қўйилади ва саждадан туришда эса ердан узоқ бўлган аъзолар ердан кўтарилади», деган фикрга иттифоқ бўлганлар. Оёқларнинг бармоқлари қиблага қараган ҳолда эгилиб, аввал тизза ерга қўйилади. Сўнгра, бурун ва пешона қўйилиб, сажда қилинади.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятимизнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари бир мазҳаб – Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир. Бу ҳақда Валийуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Инсоф фий баён сабаб ал-ихтилоф»да шундай ёзади: «Агар бир оми одам Ҳинд ёки Мовароуннаҳр диёрида яшаса, у ерда Шофеъий, Моликий ёки Ҳанбалий мазҳабларининг бирорта олими ҳам, шу мазҳабга тегишли китоблар ҳам бўлмаса унга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади ва бу мазҳабдан чиқиши ҳаром бўлади».
П. Юсупов,
Наманган туман бош имом-хатиби