Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми, десак, муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб хисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб хисоблаган ва манъ этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазийлатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади.
Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.
Қадимдан ахлоқ илми уламолари “Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?” деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.
Улардан баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.
Бошқа бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.
Ахлоқ илми уламолари эса: “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади”, дейдилар.
Шунинг учун ҳам, Исломда хулқли сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.
Тарбиянинг асоси кўп жиҳатдан билимга ва яхшиларга ёндашишда ва уларнинг ибратли ҳаёт тарзи асосида юзага келган бой тажрибага ҳамда пурмаъно сўзларини қай даражада билишга бориб тақалар экан. Шу ўринда, бобомнинг ёшлигимда айтган гўзал ўгитларини мисол тариқасида келтирмоқчиман: “Болам, алломаларимиз қолдирган ҳикматли сўз ва маталларни қанчалик ёд олиб борсанг, қалбингга шунчалик нақшланиб бораверади. Натижада, сенинг тилингдан ҳам шундай гўзал сўзлар ёғила бошлайди”. Фарзандларимиз ҳам ривоят, ҳикоят ва ибратли сўзларга жуда муҳтож.
Учқўрғон туман "Нурмухаммад бува" жоме масжиди имом ноиби
Тошпўлатов Абдурашид
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан