Ижтимоий тармоқларда баъзи блогерлар Абдуллоҳ Зуфарнинг “Гуноҳ қилган еридан ҳижрат қилиш” мавзусидаги аудиомаърузани тарқатишди. Унда айтилишича, инсон гуноҳ қилган еридан ҳижрат қилиш керак экан. Бу гапига руҳшуносларнинг гаплари ва яна ўтган умматлар ичида юз кишини ўлдирган кишининг ҳикояси зикр қилинган ҳадисни келтирилган. Ҳадисда ўша одамга тавба қилиш ва яхши одамлар яшайдиган жойга бориш тавсия қилинган. А.Зуфар инсон ўз юртида туриб имонини кучайтира олмаслиги, тақводор бўла олмаслиги, бунга муҳит йўл қўймаслигини таъкидлайди. Қариндошлар уйига кириб келавериши, одамни ўзича яшашга имкон бермаслигини айтади. Юртимизда луқмани ҳалоллаб бўлмаслиги меҳмонга борсанг гўштлари қандай, ҳайвонни ким сўйган, мушрик сўйганми, бошқа сўйганми билмайсан, дейди. Ватанингдан ҳижрат қилиб кетсанг, у ерда яқинларинг, қавму қариндош бўлмайди, ўзинг хоҳлагандай яшайсан, деб сафсата сотади. Имонли яшамоқчи бўлсанг Ватандан ташқарида яшайсан, деб хулоса қилади.
Унга жавобан айтамизки, ҳадисдан ҳукм оладиган инсон етук олим ва муҳаддис бўлиши керак. Муҳаддис ҳар бир ҳадисни санадини, ундаги ровийларни кучли ёки заифлигини, ҳадисни айтилган тарихи ва унга тескари айтилган ҳадис бор йўқлигини, ҳадисни ҳукми хос бир ҳолатга тегишлими ёки умумий ҳукмга эга эканлиги каби илмлардан хабардор бўлади. Ҳамма ҳадисларни даражасини ва унда нима маъно кўзда тутилганлигини ўрганиб чиққан ҳофиз-муҳаддислар асарларини ёзиб қолдиришган. Улардан бирортаси “маъсият жойидан ҳамма ҳижрат қилиши керак”, деган гапни айтишмаган. Маъсият-луғатда итоатдан чиқиш, саййидининг амрига қарши чиқиш, хато қилиш, гуноҳ қилиш каби маъноларда келади. Шариатда маъсият деганда гуноҳ тушунилади. Маъсият деганда нафақат одам ўлдириш, балки катта гуноҳларнинг барчаси кириб кетади. Масалан ота-онага оқ бўлиш, ўғирлик, зино, ғийбат, туҳмат, бировни молини ейиш, судхўрлик каби бир қанча катта гуноҳлар ҳам киради. Баъзилар етмишда катта гуноҳни санаган ва баъзилар саноқ белгиламаган. Тасаввур қилинг, ушбу гуноҳларнинг ҳаммасидан сақланган одам топиладими? Ҳамма гуноҳ қилган мусулмонлар ҳижрат қилиши керакми? Қаерга ҳижрат қилиши керак? Суриягами? Абдуллоҳ Зуфар тиш-тирноғи билан ҳижратга даъват қилиб, одамларни ватангадо қилишдан нима манфаат топади? Нима учун ўн тўрт асрдан буён ўтган алломалар, миллионлаб ҳадисларни ёддан билган муҳаддислар юрган йўлдан бошқачароқ йўл керак бўлиб қолди? Улар Абдуллоҳ Зуфарчалик илмга эга эмасмидилар? Йўқ! Бу гапларнинг ҳаммаси қандайдир ғараз-мақсадлар сабаблидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шайтонни кўриб, нари юрган бўлсалар, у киши Пайғамбардир. Бошқа кишига ундай имконият берилмаган. Ер юзининг хоҳлаган жойига шайтон бир лаҳзада ета олади.
Аслида инсоннинг энг катта душмани ўз ичидаги нафсу аммораси – ёмонликка буюрувчи нафсидир. Инсон қаерга борса ҳам ундан қутила олмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ қайтарган гуноҳлардан ҳижрат қилган кишидир”, деганлар.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг шиорларидан бири: “Сафар дар ватан”, “Ватанда туриб, ўзингни мусофирдек тутиш” эди. Яна бир ўгитлари эса: “Хилват дар анжуман”, “Анжуманда Аллоҳ билан хилватда қолгандек бўлиш” шиоридир. Ўз юртида туриб иймонли бўлиб бўлмайдими?
Аввало маъсият мўъминни иймондан чиқармайди. Гуноҳни энг аъло муолажаси Ватандан ҳижрат эмас, гуноҳдан ҳижрат қилишдир. Гуноҳдан тавба қилишдир. Қанчадан қанча юртдошларимиз ҳалол таом топиб оила боқяпти.
Халқимизга хизмат қилаётган қассобларимиз диндан илми бўлмаса ҳам, устозларидан ҳайвонни қандай сўйишни ўрганган. Буни топганига Аллоҳ барака бериши учун тарк қилишмайди.
Ёмон дўстларга келсак, ҳозир ҳам теварак атрофимизда улардан узилиб, тақво йўлини тутганлар жуда кўп. Қанчадан-қанча ақлли диёнатли кишилар дўстларини тўғри йўлга солганини кўриш мумкин.
Қариндош-уруғлар бўлса, уларга эшикни очсангиз киради, бўлмаса қайтиб кетишади. Асоссиз важлар билан қариндошлардан узоқ жойларга кетишга тарғиб қилиш Исломдаги катта асослардан бири силаи-раҳмни узишга тарғибдир. Инсон имкони борича қариндошларининг озорларига сабр қилиб, уларни ислоҳ қилиши керак. Қариндошларим ёмон деб кўч-кўронини йиғиштириб жўнаб қолишни ҳеч мақтайдиган жойи йўқ. Мабодо бир инсон турли сабаблар билан бир юртдан бошқа юртга кўчадиган бўлса ҳам, қариндошлардан узоқлашиш, улардан “қутилиш”ни ният қилмаслиги керак, балки улар билан турли алоқа воситалари билан хабарлашиб туриши керак бўлади. Бу билан силаи раҳмнинг энг паст даражасини адо қилади.
Ҳеч ким ҳалоллигига шубҳа бўлган хонадондан бориб луқма ейишга мажбур қилинмайди. Ўз уйида тақвонинг ҳамма шартларини бажариш мумкин. Лекин ҳижрат қиламан деб, мусофир юртда оч қолиб, гуноҳ қилишга мажбур бўлсачи? Ҳақ-ҳуқуқи таъминланмаган юртда урушга мажбур қилинсачи? Мусулмон кишиларни ўлдиришга мажбур қилинсачи? Бундан ортиқ ҳалокат борми? Шундай экан, қадр-қимматимиз кафолатланган она юртда туриб ўзимизни ислоҳ қилайлик, ортида турли туман ғаразли мақсадлар бўлган чақириқларга алданмайлик!
Абдуллаев Акрам
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси