Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир.
Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” дейилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти Улуғнор тумани бош имом-хатиби Шохимардон домла Ориповнинг волидалари вафоти муносабати билан таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
#xabar #seminar #imom #malaka
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда 8–9 сентябрь кунлари Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш ҳамда Кадрлар бўлимлари ҳамкорлигида республикамиз бўйича янги лавозимга тайинланган 55 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари учун икки кунлик ўқув-семинари ўтказилди.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов, Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, шунингдек, Фатво маркази, Кадрлар билан ишлаш, Ички назорат бўлими мутасаддилари ўз йўналишлари бўйича маъруза қилдилар.
Хусусан, соҳа мутасаддилари томонидан муваффақиятли имом бўлиш омиллари, гўзал қироат ва тажвид қоидалари, шаръий масалаларга тўғри ёндашиш, фаолият самарадорлигини баҳолаш (KPI), қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш, меҳнат муносабатлари ҳамда жамоат билан ишлаш кўникмалари юзасидан зарур амалий тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати