Аллоҳга шукр, юртимиздан умра зиёратига борувчилар сони жуда кўпайди. Уларнинг тенг ярми аёллар экани қувонарли ҳолдир. Муқаддас заминга зиёратга бораётган юртдошларимиз, аввало, умранинг моҳиятини англаб етишлари керак.
Афсуски, тўй, маърака-маросимларда янги-янги бидъат-хурофотлар урчиётгани каби умрага борувчи зиёратчиларимизда ҳам билиб-билмай турли гуноҳга қўл уриб қўйиш ҳолатлари кўпаймоқда. Масалан, Мадинаи мунавваранинг тупроғидан олиб кетиш (беморнинг бошидан Мадинанинг тупроғи сочилса, шифо топармиш); халқимиз орасида Уҳуд тоғининг тупроғидан кафанликка солиб қўйиш, вафот этса, қабр тупроғига аралаштириш учун Мадина шаҳридан олиб келинар эмиш (гўё Уҳуд тупроғи қабр азобидан асрармиш) ва ҳоказо.
Айрим зиёратчилар Мадина ва Макка шаҳарларидан турли ўсимликлар, ёнғоқлар ва кабутарларга сепиладиган буғдойлардан олиб келиб, анча йилдан бери фарзанд кўрмаётган аёлга ҳомиладор бўлади деган умидда бериш ҳам “урф”га кириб боряпти.
Ваҳоланки, кимга қачон фарзанд инъом этилишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир” (Шўро сураси, 49–50-оятлар).
Аёллар ўртасида Масжиди Набавийга, Равзаи шарифга кирганларида, Каъбатуллоҳга борганларида ўша ердан харид қилган турли матоларни деворларга, устунларга суртиш ҳолатлари учрамоқда. Бундан мақсад деворга суртилган матоларни кафанликка олиб қўйиш, вафот этганда юзига ёпиш эмиш.
Зам-зам суви кафанликка қўшиб қўйилади, маййит зам-зам қўшилган сувда ювилса, гуноҳлари мағфират этилармиш. Агар банда тириклигида Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажармаса, қайтариқларидан қайтмаса, вафот этганда унга ҳеч нарса фойда бермайди.
Аёлларимиз бозор-ўчарга ўч. Умрага борганда ҳам ибодатлар қолиб, ўзларини бозорга уришади. Ваҳоланки, Масжиди Набавийда бир ракат намозга минг ракатнинг, Масжидул Ҳаромда эса бир ракатга юз минг ракат намознинг савоби берилади.
Ватанга қайтгач зиёратчиларнинг оёқлари остига километрлаб пояндоз ва гиламлар тўшаш, қиммат уловларда кутиб олиш, ҳатто туяларда ҳам пешвоз чиқиш ҳолатлари кузатиляпти. Бу дабдаба риё ва сумъадан бошқа нарса эмас. Риё ва сумъа эса барча савобларни йўққа чиқаради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Охирги замонда бир қавмлар пайдо бўлади. Улар ҳамма амалларни барчага кўрсатиб, ошкора қилишни ўзларига одат қилиб оладилар ва махфий равишда сир тутиб қилишни ёқтирмайдилар”, дедилар. Шунда саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, буни қандай тушунайлик?” Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Одам бир-бирини кўролмаслигидан, яъни фалончи ундай қилибди, мен ундан ҳам ўтказиб қиламан дейишидан ёки бир-биридан қўрққанидан шундай қилишади” (Имом Муслим ривояти).
Умрага кетаётган аёлларимизга зиёрат одобларини эслатиб ўтмоқчимиз!
– Эҳром учун одмигина либосларни кийиш керак. Кийимлар ўта тор, ялтироқ, бошқаларнинг эътиборини тортадиган, ичи кўриниб турадиган даражада юпқа бўлмаслиги даркор.
– Эҳромда пардоз қилмаслик керак.
– Талбия айтганда, бошқа вақт ҳам аёллар овозларини баландлатмайдилар.
– Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларида, айниқса, Равзага киришда овоз кўтармаслик, бошқалар билан жанжаллашмаслик, югурмаслик, бошқа зиёратчиларга озор бермаслик талаб этилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин” (Ҳужурот сураси, 2-оят). Аллоҳ таолонинг ояти каримасидаги бу таъкид ўзини мусулмонман деган ҳар бир инсонга тегишлидир.
Ҳар бир зиёратчи умрадан қайтгач, буткул яхши томонга ўзгариши, имкон қадар бошқаларга ёрдам бериши, ҳар бир ишидан Аллоҳнинг розилигини кўзлашиш керак.
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мўмин киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлишни, У зотга яқинлаштирувчи амалларни бажаришни кўзлаб яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аҳзоб сураси, 56-оятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қурбат ҳосил қилишнинг бош омили дея салавот ва салом йўллаш эканини айтиб ўтган:
إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَـٰۤىِٕكَتَهُۥ یُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِیِّۚ یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ صَلُّوا۟ عَلَیۡهِ وَسَلِّمُوا۟ تَسۡلِیمًا
“Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг!”.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳи васаллам: “Менга жума куни ва жума кечаси салавот айтишни кўпайтиринглар. Ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Набий алайҳи васалламга салавот айтиш Қуръон орқали ҳам, ҳадислар билан ҳам буюрилган амалдир. Набий ссллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло, фаришталар ва пайғамбарлар ҳам салавот айтишади. Биз мўминлар ҳам салавот айтишга буюрилганмиз. Бу, нафақат Аллоҳ олдидаги бандалик вазифамиз, балки икки олам саодатини кўрсатган икки олам Сарвари олдидаги умматлик ташаккуримиздир!
Яъни, салавот тилимиз осон айтадиган, енгил қараладиган оддий калима эмас, аксинча, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга миннатдорчилик билдиришимиз, раҳмат айтишимиз ҳамда Аллоҳ ҳузурида янада даражалари кўтарилишини сўраб берган дуоимиздир.
Салавот сўзи – дуо, раҳмат, улуғлаш ва мақташ маъноларини англатади.
Салавот кимдан ҳосил бўлишига кўра турли маъноларни ифода этади. Салавот Аллоҳ таолодан бўлса раҳмат, фаришталардан бўлса истиғфор, инсонлардан эса дуо ва улуғлашдир. Демак, биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаққиларига салавот ила дуо қилган, шаъни обрўларини янада улуғлаган бўламиз. Салавотни кўпайтирган сари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб борамиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш махсус вақт, кун ёки маконга хосланмайди. Бироқ, қуйидаги ҳолатларда салавот айтишга янада диққатли бўлиш талаб қилинади:
Дуонинг аввалида, ўртасида ва охирида;
Масжидга кираётганда ва чиқаётганда;
Мусулмон биродарлари билан кўришганда;
Бир мажлис ва йиғилишга тўпланганда;
Хайрли сўзларни гапиришдан аввал;
Эрталаб ва кеч кирганда;
Уйқуга кетишдан аввал ва уйғонганда;
Қулоққа ғувуллаган овоз эшитилганда;
Бирор нарсани унутиб қўйганда;
Ғам, қайғу қийинчилик вақтида.
Бундан бошқа ўринларда ҳам салавот зикр сифатида айтилаверади. Кўп салавот айтишнинг фойдаси улкан бўлиб, фойдаларнинг энг улуғи қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яқин бўлиш ва у зотнинг шафоатларига эришишдир.
Ибн Масуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин одамлар менга кўп салавот айтганларидир”, деганлар.
Шунингдек, салавот айтиш нифоқдан пок бўлиш ва дўзахдан нажот топишга сабаб бўладиган улуғ амалдир. Ва яна дунё-ю охиратда ҳожатлар равон бўлишининг сабаби ҳамдир.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга ҳар куни 100 марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унинг 100 та ҳожатини равон қилади. 70 таси охиратда, 30 таси эса дунёда”, дедилар.
Салавот айтган кишига яхшилик эшиклари очилади фақирлик эшиклари эса ёпилади, гуноҳ ва хатолари кечирилишига сабаб бўлади.
Салавот айтишнинг бу дунёда фойдалари санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп бўлса, охиратда ҳам худди шундай. Масалан, салавот соҳиби учун қиёмат куни сиротдан ўтишда нур, қиёматнинг дахшатли ҳолатларидан нажот ва омонлик бўлади.
Шу билан бирга, сиротдан ўтишни ҳам енгиллаштиради. Ҳаттоки салавот айтган киши жаннат хушхабарини олмагунча вафот этмайди.
Бунинг далили Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ “Жилаул афҳам”да Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадис бўлиб, Расулуллоҳ алайҳи васаллам: “Ким бир кунда минг марта салавот айтса, жаннатдаги ўрнини билмай туриб ўлмайди” (Заиф ҳадис).
Салавот лафзининг энг афзали ҳар намоз ичида айтиладиган машҳур салавотдир. Асосийси, саноқ ёхуд адад эмас – ихлос ва муҳаббат ила айтилган салавотдир!
Абдуллоҳ Сирожиддиннинг “Набий алайҳи васалламга салавот айтиш” китоби асосида
“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси
Н.Саидакбарова ва 2-курс талабаси М.Нигматова тайёрлади