Ақида
Ҳанафий мазҳабига кўра, иймон – Аллоҳнинг ҳузуридан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга келган барча нарсаларнинг ҳақ эканига тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир.
“Тил билан иқрор қилиш” “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”ни талаффуз қилишдир. “Қалб билан тасдиқлаш” эса, юқоридагиларнинг барчасига қалбда заррача гумон ва шубҳа қолдирмай ишонишдир. .
Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бир киши ўз биродарига “эй кофир” деса, иккисидан бири ўшандай (яъни, кофир) бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, кимдир қалбида заррача иймони бор кишини “эй кофир” деса, ўзи диндан чиқиб, кофир бўлишидан қўрқсин.
Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан Ибн Нажим раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, бир далилни олиш керак”, деган.
Шунингдек, биргина далил инсоннинг иймони борлигини тасдиқласа, уни мусулмонлар сафида олиб қолиш қолган мусулмонларнинг зиммасига юкланади.
Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳаби уламолари бу каби ҳадисларда зикр этилган ишларга йўл қўйган мўмин қилаётган ишида қатъийлик билан аниқ фарзни инкор қилмаса ва ҳаромни ҳалол демаса, шариат тақиқлаган муҳокамага киришмаса, кофир бўлмайди, балки катта гуноҳ қилган бўлади, деб хулоса қилганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч нарса иймоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаслик; амали туфайли уни Исломдан чиқармаслик”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
“Калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон кўриниб, Ислом буюрган амалларни қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола! “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, зоҳирида исломни кўрсатиб турган одамни амали сабабли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида – шу!” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ).
Бугунги кундаги катта хатолардан яна бири – куфр ҳақидаги умумий фатво якка шахсга татбиқ этилаётганидир. Масалан, уламоларнинг фатвосида “фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади”, дейилган. Бу эса шу тоифага мансуб кишиларнинг ҳаммаси кофир дегани эмас. Бир шахсга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин у ҳақда сўраб-суриштириб, аниқлик киритиб, шахсан баҳс олиб бориб, унинг куфрда экани исботлансагина, бўйнига қўйиш лозим бўлади.
Ақида илми уламолари: “Баъзи бир гаплар куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм ҳам чиқиши мумкин. Аммо шу гапни айтган шахсни ҳужжат, далил билан исботланмагунча кофир деб ҳукм чиқарилмайди”, деганлар.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 10-оятида: “Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар”, деган. Ушбу ояти каримадаги қўрқитиш, бошқа оятларда ҳам бор. Аммо мана шу оятга биноан, аниқ бир шахсга келганда бу одам, албатта, дўзахга тушади, деган қатъий ҳукм айтилмайди.
Аҳли қибла бўлган бир кишининг бу каби ҳолатларда дўзахга киришига даб-дурустдан гувоҳлик бериш мутлақо хато ва савиясизликдир. Чунки у мазкур оят маъноси ва ҳукмини билмаслиги мумкин. Билгач, гуноҳидан тавба қилиши, шу гуноҳни ювадиган савоб ишларни бажариши мумкин.
Киши куфр гапни айтгани учун қозининг ҳузурига келтирилса, қози гувоҳларнинг даъволаридаги масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. Агар айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапдан тониш тавба ҳисобланади.
Агар айбдор мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса, унга тушунтирилади. Бундан кейин ҳушёр бўлишни уқтириб, қўйиб юборилади. Аммо мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чақирилади ҳамда тавба қилгунига қадар қамаб қўйилади...
Куфр гапни очиқ айтган ва тан олиб турган одамга Исломнинг муомаласи шундай бўлгач, иймонини тасдиқлаётган ва Исломга имкон қадар амал қилаётганларни турли баҳона ва асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш ва уларга турли кўринишдаги зулмни раво кўриш ақидамизга мутлақо тўғри келмайди.
Манбалар асосида
Акмалхон домла АХМЕДОВ ва
Камолиддин домла ҲАМРОҚУЛОВ тайёрлашди
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ