Cавол: Синглимнинг 9 йилдан бери фарзанди йук, 3 марта ЭКО килди, лекин бўлмади. Ҳозир соғлиғи ҳам жойида эмас. Синглимнинг 2 тайёр эмбриони музлатилган, клиникада турибди. Мен опаси суррогат она бўлиб, синглимга боласини туғиб берсам бўладими? Пул ишлаб олиш ва бошка ғайр мақсад учун эмас, синглимга куйинганим учун шу йўлни танламоқчиман. Лекин Исломда мумкин бўлса агар.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Суррогат” сўзи лотинчадан олинган сўз бўлиб – “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради. Ҳозирда бизда кенг тарқалаётган “суррогат она” деган ибора ҳам ҳомиладор бўлиб, фарзанд туғишда онанинг ўрнига фойдаланилган аёл назарда тутилади. Бунда эрнинг спермаси ва хотинининг тухумҳужайрасидан бўлган эмбрионни ривожлантириш учун бошқа аёлнинг бачадонига ўтказилади. Кўпинча суррогат оналик пул эвазига, баъзан кўнгилли тарзда ҳам амалга оширилади.
Ушбу амалиёт шариатимизнинг умумий қоидаларига кўра ҳаром саналади. Бунда уни пул эвазига бажариладими ёки кўнгилли тарздами фарқи йўқ. Чунки ушбу амалиётда эркак билан бачадони ижарага олинган аёлнинг ўртасида никоҳ бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни васф қилиб бундай марҳамат қилган:
“Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Кимки шундан ўзгани истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар” (Муъминун сураси, 5-7 оятлар).
Агар никоҳ бўлган тақдирда (масалан, ўша аёл эркакнинг иккинчи хотини бўлса) ҳам мазкур амалиёт ҳалол бўлмайди. Чунки бу насабларни чалкашишига олиб келади.
Шу ва бундан бошқа омилларни ҳисобга олиб, замонамизнинг барча уламолари, кўплаб фатво уюшмалари суррогат оналикни ҳаром эканига фатво берганлар. Жумладан, Ислом Олами уюшмаси қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси 1402 ҳижрий (1982 милодий) йил ўтказилган йиғилишида ушбу амалиётни ҳаром деб қарор қабул қилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
* * *
“Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг шифонгизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).
* * *
“Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”
(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”(Имом Абу Аъло ривояти).
Дуонинг қабул бўлиши учун иккита сабаб лозим. Биринчиси, ҳалол луқмадир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дуоси қабул бўлмаганидан арз қилганида, у зот: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирса, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”, дедилар.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ибодат Аллоҳ хазиналаридан биридир. Бу хазинанинг калити эса дуодир. Бу калитнинг тишлари эса ҳалол касб ва ҳалол луқмадир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим ривояти).
Нигора МИРЗАЕВА, тўплади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан