Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Туркиядаги Тўпқопи музейида сақланаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шиппакларининг кўриниши
Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ: "Абу Ҳадиднинг ҳовлисига кирдим. У ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оёқ кийимларини кўрдим", деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқ кийимларининг ҳар бирида икки тасма бор эди (бир тасма бош бармоқ билан ёнидаги бармоқ ўртасида турар эди, иккинчиси ўрта бармоқ билан ёнидагисининг ўртасида турар эди). Ўша икки тасманинг учи келиб қўшилган қадам юзидаги кўндаланг тасма ҳам бир жуфтдан эди” (Имом Термизий ривояти).
Шиппакнинг олд томони эгри шаклда эди (бармоқни турли тош ёки нарсалар тегишидан ҳимоя қилиш учун).
Шиппакнинг орқа томонидаги тасма товонни қаттиқ қучоқлаб турган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг товонлари сергўшт бўлмаган.
Саҳобалар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқ кийимларига ўхшаш шиппак кийишни яхши кўрардилар ва оёқ кийимларини шундай қилиб олардилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати