Мисрдаги Қуръони карим истеъдодларининг халқаро танлови 20 апрель куни Шарм аш-Шайх шаҳрида жойлашган “Саҳоба” масжидида мамлакат Вақфлар ва ислом ишлари вазири, доктор Муҳаммад Мухтор Жума иштирокида бошланди. Бу ҳақда ИҚНAнинг “Aл-Aҳром”га таяниб хабар берди.
Ушбу маросимнинг очилишида Миср Вақфлар ва ислом ишлари вазири, доктор Муҳаммад Мухтор Жума бундай деди: “Ушбу танлов Қуръон ва ислом маданиятининг моҳир ҳофизларини қабул қилиш ва рағбатлантириш, бутун дунё бўйлаб уларни Мисрнинг Қуръонга хизмат қилиш, оқилона ва маърифий диний қарашларни тарқатиш бўйича илғор тажрибалари билан таништириш ҳамда Қуръон илмининг энг яхши талабаларини рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда”.
Жанубий Синай вилояти ҳокими Холид Фуда ҳам очилиш маросимида бундай деди: “Саҳоба масжиди Шарм аш-Шайх масжидларининг рамзи саналади ва уни Шарқнинг маданий ва цивилизация нурлари чироғи сифатида таърифлаш мумкин. Бу шаҳар ўзининг ноёб ва ажойиб меъморчилиги билан, бу масжид туристик диққатга сазовор жой бўлиб, масжидда тадқиқотчи ва талабалар томонидан фойдаланиладиган қимматбаҳо кутубхона ва ислом маданияти маркази ҳам бор”.
Эслатиб ўтамиз, Мисрнинг Қуръон истеъдодлари халқаро танлови икки босқичда ўтказилади:
Дастлабки босқич 650 минг евро миқдоридаги совринларни ўз ичига олади, шундан биринчи тоифа ғолиблари учун 125 минг фунт, иккинчи тоифа учун 125 минг фунт, учинчи тоифа учун 100 минг фунт, тўртинчи тоифа учун 150 минг фунт ва бешинчи тоифа учун 150 минг фунт стерлинг халқаро мусобақаларда ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаганлар учун тақдим этилади.
Ушбу мусобақаларнинг иккинчи босқичида 2 миллион 300 минг фунт стерлинг миқдоридаги совринлар ҳам ўрин олган бўлиб, шундан биринчи тоифадаги ғолиблар учун 500 минг фунт стерлинг, иккинчи тоифа учун 500 минг фунт стерлинг, учинчи тоифа учун 250 минг фунт стерлинг, тўртинчи тоифа учун 300 минг фунт стерлинг, бешинчи тоифа учун 500 минг фунт стерлинг ва 300 минг фунт рағбатлантирувчи мукофот топширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати