Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Исломдаги оқимларнинг пайдо бўлиши

29.04.2024   5014   6 min.
Исломдаги оқимларнинг пайдо бўлиши

Хорижийлик – исломда дастлаб пайдо бўлган йўналиш хорижийликдир. Хорижийлар – ажралиб чиққанлар яъни “исёнчилар” деган маънони англатади. Ҳалифа Али ибн Абу Толиб ва Муовия тарафдорлари билан ҳалифаликда хукмронлик учун кураш кетаётган бир даврда вужудга келди. Улар ҳалифа диний жамоа томонидан сайланади ва унга бўйсунади. Ҳар қандай тақводор мусулмон (ҳатто қул ёки хабаш бўлса ҳам) ҳалифа қилиб сайланиши мумкин; агар ҳалифа жамоа манфаатларини химоя қилмаса вазифасидан бўшатилади ва ҳатто, қатл қилинади; эътиқод амалий фаолият билан мустаҳкамланиши лозим, деб ҳисоблаганлар. Эътиқодсиз ва гуноҳкор кишиларни жазолашда Муржиъилар жазо муддатини кечиктиришни истовчилар тарафдорларига қарши турганлар. VIII-аср иккинчи ярмига келиб, йўналиш ўз раҳбарлари номи билан аталувчи азрақий ибодий, суфрий каби гуруҳларга бўлиниб кетди. Олимларнинг фикрича ичидан бўлиниш ҳамда уммавий ва Аббоссий ҳалифаларнинг VII-XI - асрларда хорижийларга қарши кескин кураш олиб бориши натижасида уларнинг катта қисми қириб ташланди, қолганлари Шимолий Африкада ўз давлатини вужудга келтирди. Ҳозирги хорижийларнинг ибодий сектаси мағриб мамлакатларида (Жазоир, тунис ва бошқалар), Уммон ва танзанияда учрайди.

Муҳаддис уламоларимиз ўз китобларида “Хаворижлар диндан отилиб чиқувчилар ҳақида” деган сарлоҳа остида юқорида зикри келган ҳадисдан бошқа бир қанча ривоятларни келтирадилар. Бу ҳадисларни Муҳаммад (с.а.в) умматлари ичидан келажакда чиқадиган баъзи бир ноқулай шаҳс ва жамоалар ҳақида сўз юритадилар ва огоҳлантириш учун уларнинг сифатларини ҳам эслатадилар. Бу ўзининг билган мўъмин-мусулмонлар эҳтиёт бўлишлари учун чақириқлар ва ўша сифатлардан ўзини олиб қолишга даъват ҳамдир. 

Шу ерда ривоятларда баъзи сифатлар такрорланиши мумкинлигини, бу эса, услубдаги хато эмас, балки ҳадисларни  турли вазият, замон ва моконда айтилганидан эканини эслатиб қўймоқчимиз. Биз уларни жамлаб ўрганётганимиз туфайли аввал эсланмаган бир сифат зикр қилингани учун бошқа сифатлар такрор келса ҳам, ривоятни бутунлигича келтиришга мажбурмиз.

Иккинчидан, далил ҳужжат суриштириш чоғида уларнинг кучлик эканини исботлаш учун бир ҳадисни ровийлари ёки  уни келтираётган муҳаддис бошқа бўлса ҳам такрор келтирилади. Мисол учун, имом Буҳорий ёлғўз ўзлари ривоят қилган ҳадисдан кўра, у киши билан бирга, яна бир муҳаддис ҳам ривоят қилган ҳадис кучли бўлади ва ҳоказо.

Расулуллоҳ (с.а.в) ривоят қилган ҳадисларидан бирида: “Охирзамонда бир қавм чиқади. Уларнинг ёшлари кичик, ақллари паст, қуръонни қироат қилурлар. У аларнинг бўғзидан нарига ўтмас. Улар одамларнинг энг яхши сўзларини сўзлайдилар. Диндан ҳудди камондан ўқ чиққандек чиқарлар. ”, дедилар. 

Батахқиқ, Набий (с.а.в)дан бу ҳадисдан бошқада ривоят қилинишича: “Қуръонни қироат қиладиган ва у аларнинг бўғзидан нарига ўтмайдиган, диндан ҳудди камондан ўқ чиққанидек чиқадиган қавм васфи харурий хаворижлар ва улардан бошқа хаворижлар”, экани айтилган.

Ушбу ривоятдан хаворижлар фақат Хазрати Али (к.в)нинг вақтларида Ҳаруро қишлоғида йиғилган кишилирдан кишилардан иборат эмаслиги балки, улардан бошқалари ҳам чиқиб туриши англанади. Айни шу эътибордан хозирги баъзи бир тоифаларда юқорида зикр қилинган сифатлардан борлигини эътиборга олиб, уламоларимиз уларни “Замонамиз хаворижлари”, деб айтадилар.

Муҳаддис уламоларимиз юқорида келтирилган ривоятларни фитналар бобида келтирадилар. Қадимдан мусулмонлар ушбу ривоятларда васфи келган шаҳсларга ўхшаб қолмаслик ҳақида чин дилдан қайғурганлар. Мабодо мазкур сифатлардан бирортаси ўзида борлигини билиб қолсалар уни дарҳол ўзгартиришга ҳаракат қилганлар. 

Кезикелганда эслаб ўтилган ривоятларда зикр қилинган салбий сифатлардан баъзиларининг рўйҳатига кўз ташлаб чиқайлик.

  1. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо уларнинг бўғзиларидан нарига ўтмайди. 
  2. Улар диндан худди ўқ камондан чимққанидек чиқадилар.
  3. Уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири, мусулмон йўлбошчилар, уламо ва фузалоларга нисбатан беҳурмат бўлиш ва ўзларининг ёлғон даъволари билан уларнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш бўлади. 
  4. Улар аҳли исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар.
  5. Улар гапни гўзал гапирадилар, амални ёмон қиладилар.


Уларнинг дини диёнат ва унга фидокорлик ҳақидаги гапларини бошқалар гапира олмайдилар. Аммо фитначиларда гап бор-у, амал йўқ. Улар гапларига амал қилмасликлари билан ажралиб турадилар.

  1. Улар Аллоҳнинг китобига даъват қилурлар. Ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ. 

Улар Қуръонни яхши билмайдилар, ўзларини кўрсатиш учун Қуръони каримга амал қилиш ҳақида даъват қилганлари қилган. Аммо ўзлари унга амал қилишни ўйламайдилар.

  1. “Ҳарурийлар” Али (р.а)га қарши чиққанларида: 

“Ҳукм фақат Аллоҳгадир!” дедилар.

Шунда Али (р.а):

“Хақ калима ила ботил ирода қирода қилинди. Улар хақни Тиллари билан айтурлар аммо халқумларидан нарига ўтмас”, дедилар.

  1. Умар ибн Ҳаттоб (р.а)нинг давридаги Субайғ ал-Ироқийга ўхшаб, мусулмонлар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўраб, фитна чиқаради. 
  2. Улар одамларнинг энг яхши гапларини сўзлайдилар.

Шу билан кўпчиликнинг эътиборини ўзларига тортадилар.

  1. Уларнинг ёшлари кичик.

Яъни, кейинги пайтда чиқиб мусулмонлар оммасини ташвишга солиб соладиган жамоаларнинг кўпчилик аъзолари ёшлардан иборат бўладилар.

  1. Уларнинг ақллари паст.

Илмлари ва тажрибалари оз бўлгани учун оқиллик даражасига етмаган бўладилар. 

 Юқоридаги сифатлардан диндан отилиб чиқувчи шахснинг сиймосини қисмон бўлса ҳам тасаввур қилиш имконига эга бўламиз. Агар эътибор ила назар соладиган бўлмак, дархақиқат, кейинги пайтда чиқаётган хизб, жамоа, ташкилот ва бошқа тўпларда юқорида зикр қилинган сифатлардан у ёки, буниси топилиб турганини кўрамиз.

Аждодларимиз мазкур салбий сифатларни яхши билиб олиб, улардан йироқ бўлиш учун имконлари етган барча омилларни ишга солганлар ва ўша сифатларга ёки уларнинг баъзиларига соҳиб бўлган кишилардан ўзоқда бўлишга ҳаракат этганлар.

Муҳаммадали КАТТАБАЕВ 

Билим юрти АРМ мудири

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

11.08.2026   11065   10 min.
“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.

“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾

“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.

Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:

‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.

«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.

“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾

“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.

«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).

Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.

Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.

Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.

Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:

وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.

“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.

Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ

فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.

Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).

Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.

Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар

﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾

“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.

Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.

Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.

Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.

Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА