Аллоҳ таоло инсон зотини нима амалга буюрган бўлса, ҳаммасида инсон учун фойдалар бор. Асосий мақсад Аллоҳнинг ризолигини топиб, У Зотнинг раҳматига етишишдир.
Масалан, таҳорат олган киши покиза бўлгани боис касаллик юқтирувчи бактериялардан омон бўлади. Танасини сув ювиб тургани боис қон айланиши фаоллашади. Намоз ўқиш бўғинларда туз йиғилишига қаршилик қилади, қон айланишини яхшилайди. Закот бериш кишига ўзининг қилган ишидан мамнунлик бағишлаб кайфиятини кўтаради, юрак касалликларидан, хафақонликдан асрайди. Ҳажга борган одам узоқ йўлни яёв босиб ўтади. Бир жойда ўтираверган кишининг ичига йиллар давомида шумлик, сершубҳалик, бадгумонлик ва шуларга ўхшаш иллатлар йиғилиб қолади. Йўл юрган инсон эса ўзи сезиб-сезмай ана шу иллатлардан халос бўлиб, енгил тортиб қолади.
Рўзанинг фойдалари ҳақида тиббиёт мутахассислари бундай дейди: иммунитетни кўтаради, семиришга монелик қилади, буйракда тош йиғилишидан сақлайди, тўқималарда тўпланиб қоладиган заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради, шаҳвоний майлни камайтиради, қон томирлари торайишининг олдини олади, қон айланишини фаоллаштиради, қон босими ортишига қаршилик қилади, юракнинг атрофини ёғ қоплаб қолишига йўл қўймайди, бўғинлар шиши қайтишига фойда беради, ичак яллиғланишига, бавосил, зотилжам, бронхиал астма, аллергия, экзема, қанд, саратон, тутқаноқ, паришонхотирлик, ўпка ва жигар касалликлари, камқонликка қарши курашишда фойда беради.
Бу фойданинг бир жиҳати игнатерапияга ҳам ўхшайди. Игнатерапиянинг моҳияти фаол ишлаб турган ҳужайраларни игна санчиш билан ҳаракатдан тўхтатиб қўйиб, ялқовланиб, ўлиш арафасига келиб қолган ҳужайраларни ишлашга мажбур қилиш экан. Рўзада ҳам одам оч юргани боис танасига ўн бир ой давомида йиғилиб қолган ортиқча ёғлар эриб ишлатилиб кетар экан-да, одамнинг жисми ортиқча юклардан қутулиб енгиллашиб қолар, ўша ёғларнинг остида ўлимини кутиб ётган бечора ҳужайралар яна фаол ишлаб кетар экан.
Ана бизга Раббимизнинг буюк марҳамати!
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ