Бугун, 1 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, таклиф ва мулоҳазаларини тингладилар.
Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган шаръий масалалар, масжидлар қуриш, имом-хатиблар фаолияти, оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси ва моддий ёрдамга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Қабул давомида Наманган, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Американинг нуфузли “National Geographic” журналининг электрон ва босма шаклларида Буюк Ипак йўлида Ўзбекистоннинг тутган ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материал муаллифи Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива ҳақида ҳикоя қилиб, уларни қадимий Ипак йўлининг энг муҳим шаҳарлари ва замонавий сайёҳлик йўналишлари сифатида талқин этган.
Мақолада Ўзбекистондаги туризм ривожи, хорижлик сайёҳлар сонининг ортиши, янги объектлар қурилиши ҳамда шаҳарлар ўртасида тезюрар темирйўл қатновининг йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Тошкентнинг Чорсу бозори Ипак йўли савдо анъаналари бугунгача сақланиб қолган маскан, Самарқанд эса Регистон майдони ва қадимий Улуғбек расадхонаси билан илм-фан ҳамда ислом маданиятининг тарихий маркази сифатида таърифланади.
Нашрда Бухоро фаол туристик ўзгаришлар жараёнини бошдан кечираётган шаҳар сифатида кўрсатилган бўлса, Хива ўтмиш руҳияти айниқса кучли сезиладиган жой дея таъкидланган.
Шунингдек, Ипак йўли меъморчилиги услубида барпо этилаётган янги сайёҳлик лойиҳаларига эътибор қаратилиб, тарихий муҳитни асраб қолиш юзасидан бўлаётган баҳс-мунозаралар ҳам тилга олинган.
Умуман олганда, материалда Ўзбекистон ўз тарихий меросини асраган ҳолда замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириб, дунёга қайта юз очаётган мамлакат сифатида эътироф этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати