Шукрки, юртимиз кўркига кўрк қўшаётган масжидларимиз сони кун сайин кўпаймоқда. Ана шундай обод, уч асрлик тарихга эга масканлардан бири “Мойбулоқ” жомесидир.
Каттақўрғон туманида жойлашган мазкур масжидда “Мойбулоқ” ва “Қоқсой” маҳаллалари аҳолиси тоат-ибодат қилишади.
XVIII асрга оид масжид дастлаб хонақоҳ бўлган. 1936 йилда ҳашар йўли билан қайта қурилган. 1990–1992 йилларда эскирган жоме биноси қайта таъмирланиб, 100–120 нафар намозхонга мўлжаллаб кенгайтирилган. 2013 йилда қўшимча 120 ўринли хонақоҳ қурилди. Намозхонлар сони кўпайиши туфайли масжид биносини кенгайтиришга 2019 йил баҳорида киришилган бўлса, 2023 йил Рамазонда 3000 ўринли жоме қад ростлади.
1936 йили қишлоғимизга Бухоро амирлигидан Ҳусайн Эшон бобо имомлик қилиш учун жўнатилган. Эшон бобонинг еттинчи авлоди бўлган Шерхон Ибодов 1957–1975 йилларда масжидимизда имомлик қилган. 1976–2021 йилларда масжидга Қўлдош Бадалов, Мардон Очилов, Сулаймон Тўраев, Камолиддин Жиянов, Мансур Маликов каби домлалар имомлик қилган. 2021 йилдан бу шарафли ишни Суннатилла Ҳакимов бажариб келмоқда.
Аллоҳнинг уйлари ободлигига ҳисса қўшаётган ҳар бир мўмин-мусулмонни Раббимиз Ўзи ваъда қилган мукофот билан сийласин. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Хушмамат УМАРОВ,
Каттақўрғон тумани
Озарбайжонда бўлиб ўтган Саййид Яҳё Бокувийнинг бой маънавий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциянинг ёпилиш маросими рамзий маънога эга бўлган тарихий Ағдам шаҳрида ўтказилди. Унда туркий давлатлар, араб-мусулмон мамлакатлари диний пешволари, уламолар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва ҳурлик энг бебаҳо неъмат эканини алоҳида таъкидлаб, уммат бирлиги, ҳамжиҳатлик ва диний-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш заруратига тўхталдилар. Шунингдек, давлат Раҳбарлари ўртасидаги самимий биродарлик ва олий даражадаги ўзаро ташрифлар халқларимиз тарихида янги саҳифа очганини эътироф этдилар.
Йиғилишда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳам сўзга чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Озарбайжон етакчисининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва имзоланган "Абадий дўстлик шартномаси" қардошлик муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Анжуман якунида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жанобларининг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганлар ва бутун ислом уммати ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида эл-юртларимиз тинчлиги, мамлакатларимиз фаровонлиги ҳамда анжуманда кўтарилган муҳим масалалар мусулмонлар ва бутун уммат манфаати учун хизмат қилишини Ҳақ таолодан сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати