“Агар бир киши ёшлигида нафси бузилиб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, бундай кишилардан яхшилик кутмак ердан туриб юлдузларга қўл узатмак кабидир. Дин ва эътиқоди саломат бўлмаган кишилар ҳақни ботилдан фойдани зарардан, оқни қорадан, яхшини ёмондан айира олмас, бундай кишилардан на ўзига ва на бошқа кишиларга ва на миллатга тариқча фойда йўқдур”.
Абдулла Авлоний.
Виртуал ўйинларга муккасидан кетиш сўнгги йилларда дунё халқларининг жиддий муаммоларидан бирига айланмоқда.
Ҳозир ёшлар онгига таъсир қилиб, улар қалбига ўз бузғунчи ғояларини сингдиришни ёки уларни тўғри йўлдан оздиришни мақсад қилган кучлар жуда куп. Бу ҳолат оддий компьютер уўйинларидан тортиб, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа дастурларида хам очиқ кўзга ташланади.
Виртуал олам инсонни фикрий қарам этиш орқали ўзига бўйсўндирмоқда. Ҳозир болалар ёки ўсмирларнинг интернет-кафени "иккинчи уйи" га айлантириб олаётгани сир эмас. Кузатишлар шуни кўрсатадики, онлайн ўйинларини уйновчилар хам, асосан, ўсмирлар.Ўсмирлик шахснинг физиологик ва ижтимоий ривожланишидаги ўзига хос давр ҳисобланади. Агар шу даврда ўғил ёки қиз агрессив руҳдаги онлайн уйинларига берилса, бу нохуш оқибатларга олиб келиши турган гап.
Компьютер экранидан турли тажовузкорона кўринишлар, зўравонлик ва фаҳш ишлар очикқдан-очиқ кўрсатилиши болаларнинг руҳиятига салбий тасир этиб, маьнавий бузуқликни келтириб чикаради.
Интернет клубларда ёшлар ўйнайдиган виртуал ўйинларнинг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса ўйин қаҳрамони ўз мақсадига етишиш учун зуравонлик ва ёвузликлардан фойдаланади. Бундай уйинларни ёшлар онгига ташланган оловга қиёслаш мумкин, чунки бу ўйинлар ёшлар онгини заҳарлайди ва уларнинг маънавий тарбиясига салбий таъсир ўтказади.
Фарзанд истиқболи, ёрқин келажаги учун ҳар бир киши тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур. Бола тарбияни турли компьютер ўйинлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан эмас, энг аввало, ота-оналаридан, бобо-момоларидан, эзгуликка, покликка ва дину диёнатта чақирувчи яхши китоблардан олсин. Бола инсон зое қилган вақти, яни умрини нимага сарфлагани хусусида оламлар Парвардигори олдида жавоб беришини билсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоху алайхи ва саллам): "Қиёмат куни бўлганда банданинг кадами умрини нима билан ўтказиб юборгани, илмига қанчалик амал қилгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва жисму жонини нима билан қаритгани турисида сўралмагунча жойидан кўзгалмайди", - деганлар.
Виртуал ўйинларининг салбий оқибатлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида бот-бот бонг уришса ҳам барибир интернет-кафеларнинг доимо ёшлар билан гавжумлиги, у ерда ўсмирларнинг турли ўйинларга муккасидан кетаётгани ва қимматли вақтини беҳуда ўтказаётгани дилни хира қилади. Айниқса, болаларнинг диққатини монитордан узмаган ҳолда бир-бири билан сўкишиб, бир-бирини беҳаё сўзлар билан ҳақоратлаб гаплашиши интернетдан маълумот олиш учун келган қизлар, аёлларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.
Азиз ёшлар, сиз буюк юрт фарзандларисиз! Сиз бутун дунё тамаддунига тамал тоши куйган инсонларнинг авлодисиз. Узингизнинг ёш умрингиз ва қимматли вақтингизни уйин уйнаб ва интернетда бехуда утказманг.Ундан кура китоб ўқинг, спорт билан шуғулланинг, ота-онангизнинг уй юмушларига қарашинг. Энг асосийси,ёшлигингиздан бу ҳаётда ўз ўрнингизни топиш йўлини излаб,аждодларимизга хос ва мос авлодлардан бўлинг.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл туман “Имом Султон” жоме масжиди имом хатиби
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати