Мазҳабга эргашиш дегани Қуръон ва суннатни қўйиб, шахсга эргашиш дегани эмас. Балки бу айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади! Мисол учун, сизнинг бел қисмингизда қаттиқ оғриқ турди. Шу даражада оғрияптики, жасадингиз букилиб қолди. Шу маҳал сиз дорихонага борасизми ёки мутахассисга учрайсизми? Ёки ўзингиз белингизни нимага оғриётганлигини билмаган ҳолингизда дорихонага бориб, менга анави дорини беринг, деб истеъмол қилаверасизми?
Ҳолбуки, сиз қайси дори қандай касалга шифо эканини билмайсиз-ку! Бундай пайтда шифокорга бориб, унинг кўригидан ўтилади. Шифокор сизнинг шикоятингизни эшитиб, сўнг қўлингизга сизга зарур дорининг номини ёзиб беради. Шундан сўнг дорихонага бориб, тавсия этилган дорини оласиз. Аммо на сиз, на дори сотувчи у дорининг таркибини ва нимадан тайёрланганини билмайди.
Мазҳаб уламолари биз учун гўё табибдир. Бизга қайси оят ёки қандай ҳадис шифо бўлишини улар билади. Бу бир ақлий далил эди.
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ