Динимиз доимо илму маърифатга тарғиб қилади. Қуръони каримда: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят), дейилган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Фарз Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин-мусулмон учун мажбурийдир. Фарзни бажармаслик эса, улкан гуноҳдир. У икки қисмга – фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади.
Фарзи айн – ҳар бир мусулмон шахсан бажариши шарт бўлган амал. Уни биров учун бошқа одам адо эта олмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши фарзи айн. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади.
Фарзи кифоя эса, баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун ҳам кифоя қиладиган амал. Бунга жаноза намозини мисол қилиш мумкин. Бир мусулмон вафот этса, унинг жанозасини ўқиб, дафн этиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо фарзи кифоя бўлгани учун бир инсоннинг жанозасини баъзи мусулмонлар ўқиса, бошқалардан фарз соқит бўлади.
Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккаласи ҳам иштирок этади.
Ҳар бир мусулмон ўзи учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олиши фарзи айндир.
Мусулмонлар жамоаси учун зарур бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса фарзи кифоядир. Ҳар бир соҳада одамлар манфаатига хизмат қиладиган мутахассисларни етиштириш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарзи кифоя бўлади. Эҳтиёжларни қондирадиган даражада мутахассис тайёрлаган жамият аъзоларидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.
Бу фарз ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, ўша мутахассислар жавобгардир. Фарзандларига таълим-тарбия бериши, бирор касбнинг бошини туттириши ҳар бир ота-онанинг зиммасидаги мажбуриятдир.
Демак, бугун жамиятимиз учун зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини тайёрлаш барчамизнинг зиммамиздаги фарзи кифоядир. Бунинг учун фарзандларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага йўналтириб, Ватанга, халққа, динга хизмат қиладиган етук мутахассис бўлиши учун барча шароитларни ҳозирлашимиз лозим. Шундагина бу фарз биздан соқит бўлади.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани
“Етти чинор” жоме
масжиди имом ноиби
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ