“(Иблис) Уларга (Одам алайҳиссалом ва Ҳаво онамизга): ” Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман”, – деб қасам ичди” (Аъроф сураси, 21-оят).
Бирор киши Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичиши мумкинлиги Одам алайҳиссалом ва Ҳаво онамизнинг xаёлларига ҳам келмаган эди. Лекин Иблис шу ишга журъат қилди. Унинг “насиҳати” эса алдаш ва адаштириш учун нарсаларни асл номидан бошқасига ўзгартириш бўлди. Одам алайҳиссалом ва Ҳаво онамизга тақиқланган дарахтни “абадият дарахти” дея талқин қилди. Ушбу воқеа қандай якун топгани барчамизга маълум.
Ҳозирги кунимизда ҳам шайтонлар ўша Иблиснинг изидан кетишмоқда. Ёмон, жирканч, ифлос нарсаларнинг исмларини чиройли жарангдорларига алмаштириб, инсонларни йўлдан уришмоқда.
Масалан: Ичкилик, шароб – “руҳиятни кўтарувчи, ғам ғуссани кетказувчи ичимлик”.
Очиқ-сочиқлик – “мода”.
Фаҳш, бузуқлик – “маданият”.
Зино – “эркинлик”.
Ҳушёр бўлинг! Номлар ўзгартирилиши сизни алдаб қўймасин!
Адҳам Шарқовийнинг “Қуръондан мактублар”
китобидан таржима ва шарҳ.
Масъул раҳбар: “Тиллар” кафедраси мудири Улуғбек Ҳасанов.
Тайёрлади: 203-гуруҳ талабалари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Тошкент тумани “Рамадон” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳмон домла Астаноевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдураҳмон домла Астаноевнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, сафдошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz