Ҳадеб қасам ичаверма, гарчи рост гапираётган бўлсанг ҳам
Аллоҳ сенга фарз қилган мол-мулкнинг закотини хурсанд бўлиб, ичингдан хоҳлаб адо эт. Рўзангни ёлғондан ва ғийбатдан сақла.
Қўшнининг, мискиннинг, қариндошларнинг ҳаққига риоя қил, аҳли-оилангга одоб бер. Қўл остингдагиларга юмшоқ муносабатда бўл. Аллоҳ сенга буюрганидек фаол шахс бўл. Яхшилик қилишга имкониятинг бўлса уни тез қилиб қол, сен учун шубҳали кўринган нарсаларни тарк эт. Мўминларга меҳрибон бўл, қаерда бўлсанг ҳам ҳақ сўзла.
Ҳадеб қасам ичаверма, гарчи рост гапираётган бўлсанг ҳам. Хоҳлаган гапингни гапириб тилингга эрк бераверма, гарчи сўзамол бўлсанг ҳам. Олим бўлсанг ҳам динда такаллуф қилма. Ҳар бир гапингдан олдин илмни муқаддам қўй (доим билиб гапир).
Ибодатда маҳкам бўлсанг ҳам, барибир Аллоҳдан қўрқувда тур (ўзингга жуда ишониб юборма). Дининг саломат бўлиши учун одамлар билан муросаи-мадора қил. Тилёғламаликдан тамоман сақлан.
Одамлар билан чиройли муомала қил. Билмаган нарсангни “Билмадим, валлоҳу аълам” дейишдан уялма.
Гапингни эшитишни хоҳламайдиганлар олдида гапирма, сенга ёмон кўрсатадиганлар олдида динингни сарфлама. Тоқатинг етмайдиган мусибатга парво қилма, кўп сиқилма. Сени хорлайдиганлардан ўзингни баланд тут. Хунук хулқларни ўзингга эп кўрма. Фақат омонатдор одам билангина дўст тутин. Сирларингни ҳаммага ҳам айтаверма. Одамларнинг ҳолига қараб муомала қил, ақли етмайдиган услубда гапирмагин. Чақирилмаганинг ишга кирмагин (чақирилмаган жойга бормагин).
Уламоларнинг, ҳаким зотларнинг қадрини бил. Сенга қилинган яхшиликни мукофотсиз қолдирма, яхшилик билан жавоб қайтар. Жоҳиллардан юз ўгир, аҳмоқларга парво қилма, ишингда Аллоҳдан қўрққанлар билан маслаҳатлаш.
Биродарингга мазлум бўлса ёрдам бер, золим бўлса уни ҳаққа қайтар, унинг олдидаги ўз вазифангни бажар, лекин ундан ҳаққингни талаб қилма. Қарздорга енгиллик қилиб бер, беваларга, етимларга меҳр кўрсат, сабрли камбағалларни икром қил, мусибатга учраган бойларга раҳмдил бўл, ҳеч кимга ҳасад қилма.
Ҳеч кимни ғийбат қилма, охиратда сўроққа тутилишдан қўрққан ҳолда ёмон гумон қилиш эшигини бутунлай ёпиб, яхши гумон эшигини оч. Бошқаларнинг беришидан умидингни узиб, тамагирлик эшигини ёп, қаноат бирла бойлик, беҳожатлик эшигини оч. Аллоҳнинг исмини унга ёмон нарсаларни нисбат беришдан полка.
Вақтингдан унумли фойдалан, тун-у кунинг қандай ўтаётганига қара.
Доимо тавбангни янгилаб тур, вақтингни уч қисмга бўл: илм учун, амал учун, ўз ҳақларинг ва зиммангдаги вазифаларинг учун. Ўтган ҳодисалардан ибрат ол, икки тоифа – яъни, Аллоҳнинг ризоси билан жаннатга борадиган тоифа ва Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб жаҳаннамга йўл оладиган тоифа – Аллоҳнинг ҳузурида қандай туриши ҳақида тафаккур қил. Аллоҳнинг сенга яқинлигини бил ва ёзиб турувчи фаришталарни икром қил.
Аллоҳнинг неъматларидан фаҳм билан фойдалан ва сано, шукр билан жавоб қайтар.
Нафснинг “Турли мақом-даражаларга эришдинг”, деган ёлғонидан, одамларни менсимай ҳақни кўрмасликка олишдан огоҳ бўл, чунки бу ўлдирадиган ўқдир. Одамлар сени ёмон кўришидан, уларнинг назаридан тушиб қолишдан қўрқма. Ажал яқинлигини эслаб фақирлик қўрқувидан воз кеч. Солиҳ амалларингни имконинг борича яшир.
Сендан маслаҳат сўралса бор имконингни ишлат, Аллоҳ учун яхши кўр ва Аллоҳ учун (ёмон одамлар билан) алоқани қатъий уз. Фақат тақводор олим билангина дўст бўл, қалб кўзи очиқ оқил инсон билангина бирга бўл. Ўзингдан олдинги имомларга эргаш, ўзингдан кейингиларга муаллим бўл. Тақводорларга пешво бўл, ҳидоят изловчиларга паноҳ бўл.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати