Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим масъул ходимлари Моҳира Зуфарова ва Мунира Абубакирова ўз сафарларини Фарғона вилоятида давом эттирмоқда.
Ташриф давомида вилоятдаги отинойилар билан учрашувда Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги бош мутахассиси Д.Ғофурова, Фарғона вилояти бош имом-хатибининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ҳ.Комилова, туман-шаҳар бош отинойилари ва маҳалла отинойилар қатнашди.
Мазкур мулоқотда соҳа вакиллари отинойилик масъулияти, уларнинг ютуқ ва камчиликлари билан бирга фаолиятни янада ривожлантириш бўйича тавсия ва таклифларини бериш ҳамда вилоятда авж олаётган динимизда асоси йўқ турли бидъат-хурофотларни олдини олиш борасида маърузалар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати