Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Зулқаъда ойи муборак бўлсин! Бу ойда қандай амаллар бажарилади?

8.05.2024   610   3 min.
Зулқаъда ойи муборак бўлсин! Бу ойда қандай амаллар бажарилади?

 Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.

 

Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.

Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.

 

Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.

 

Бу йилги Зулқаъда ойи қачондан бошланади?

Бу йил (2024) Зулқаъда ойининг биринчи куни 9 май кунидан бошланиши кутилмоқда, иншаАллоҳ.

 

Қуръони каримда Зулқаъда ойи...

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир(Тавба сураси, 36-оят).

 

Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?

Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.

Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.

Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.

Инсонларга зулм қилманг.

Ғазабингизни ютишга одатланинг.

Зуҳо намозини ўқинг.

Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.

Нафл рўзаларни тутинг.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса...

8.01.2025   4153   1 min.
Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса...

1. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, энг афзал амални адо этган бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Энг афзал амал қайси?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деганлар.


2. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, шайтон қулоғига бавл қилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тонг отганда ухлаб ётиб, намозга турмаган бир киши ҳақида айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар.


3. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, ўша кунги ризқига барака киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин”, деб дуо қилардилар.


4. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг аҳди ва омонида (зиммасида)дир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин”, дедилар.


5. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради”, деганлар.


6. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, мунофиқликдан узоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир”, деганлар.

7. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, бу дунё ва ундаги нарсалардан энг яхшиси эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД