Cавол: Тасбиҳ намози ҳақида ўқиб қолдим. Унинг ўқилиш тартибини айтиб берсангиз.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу намоз машҳур нафл намозлар сирасига киради ва нафл намоз ўқиш мумкин бўлмаган вақтларда ўқилмайди.
Тўрт ракат ўқилади. Икки ракатдан бўлиб-бўлиб, икки марта ҳам ўқиш мумкин. Чунки ҳар ракатда 75 та, тўрт ракатда 300 та тасбиҳ айтилиши керак.
Зам сурада истаган сурани ўқиш мумкин. Агар билса, биринчи ракатга “Такосур”, иккинчига “Аср”, учинчига “Кофирун”, тўртинчига “Ихлос” сурасини ўқийди.
Бу намознинг ўқилиш кайфиятини Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ қуйидагича баён қилган:
“Тасбиҳ намози бир ёки икки салом билан ўқилиб, унда уч юз марта “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” ни айтади. Бир ракатда етмиш беш марта айтади.
Қулоқ қоқиб санони ўқигандан кейин ўн беш марта айтади. Кейин “Аъузу”, “Басмала”, “Фотиҳа” ва зам сурани ўқигандан кейин ўн марта, рукуда ўн марта, рукудан қайтганда ўн марта, биринчи саждада ўн марта, саждадан қайтиб ўтирганда ўн марта, иккинчи саждада ўн марта айтилади.
Мазкур тасбеҳни руку ва саждада “Субҳана Роббиял аъла” ва “Субҳана Роббиял аъзийм”ни айтгандан кейин ўн марта айтади. Бу кайфиятни Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилганлар. “Қуня” китобида ҳам шу кайфият айтилган ва уламолар томонидан ихтиёр қилинган сўз мана шу деган” (“Раддул муҳтор” китоби).
Мана шу тартибда тўрт ракат ўқилади ва жами уч юз тасбиҳ айтилган бўлади.
Агар шу намозда саждаи саҳв вожиб бўлиб қолиб, саждаи саҳв қилса, мазкур саждада тасбиҳларни айтмайди, балки сажданинг ўзининг тасбиҳлари билан кифояланади.
Агар қайсидир жойдаги тасбиҳни ташлаб кетган бўлса, бошқа ўринда бўлса ҳам ўшани ўқиб қўйилади. Масалан, биринчи саждадаги ўн тасбиҳни ўқимаган бўлса, орадаги жалсада эмас, иккинчи саждадаги тасбиҳларга қўшиб ўқиб қўяди.
Бир қанча ҳадиси шарифларда тасбиҳ намози фазилатлари айтилиб, уни ўқиган инсон гуноҳлардан фориғ бўлиши, имкони бўлса ҳар куни, бўлмаса, ҳафтада, ойда, йилда, буни ҳам қила олмаса, умрда бир марта бўлса ҳам қилишга тарғиб қилинган.
Тасбиҳ намозида тасбиҳлар ўқиш борасида бошқа кўринишлар ҳам бор. Кўпчилик уламолар маъқуллаган кўринишни келтиришни афзал деб билдик. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати