Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шаъбий илми кенг, ҳалимликда тенги йўқ улуғ инсон эди. Исломда унинг юксак ўрни бор”.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалик давридан олти йил сўнгида мусулмонлар сафида жажжигина бир чақалоқ туғилди. У жуда озғин ва кичик эди. Онасининг қорнидаги эгизак акаси унинг ўсишига халақит бергани сабаб шундай бўлган эди. Аммо ана шундан кейин ҳам илм, ҳилм, ҳифз ва фаҳм-у фаросатда илғор бўлишида унга акаси ва бошқа бирон киши халақит бера олмади. Бу киши Шаъбий номи билан танилган, ўз замонида мусулмонлар ичида бетакрор бўлган олийжаноб инсон Омир ибн Шурaҳбил Ҳимярий эди.
Имом Шаъбий Куфа шаҳрида дунёга келди ва шу ерда улғайиб вояга етди. Бироқ у орзу қилган, қалби ошиқ бўлган шаҳар Мадинаи мунавварага муҳаббати бисёр эди. Саҳобалар Аллоҳ азза ва жалла йўлида жиҳодга чиқиш ёки яшаш учун маскан қилиш мақсадида Куфага келганлари каби, Шаъбий ҳам Расулуллоҳ сaллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари билан кўришиб, улардан таҳсил олиш мақсадида, баъзан Мадинага бориб турар эди. Беш юзга яқин саҳоба билан ҳамсуҳбат бўлиш, Али ибн Абу Толиб, Саъд ибн Абу Ваққос, Зайд ибн Собит, Убода ибн Сомит, Абу Мусо Ашъарий, Абу Саъид ал-Худрий, Нўъмон ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Адий ибн Ҳотим, Абу Ҳурайра, Уммул мўминин Ойша каби улуғ саҳобалардан (розияллоҳу анҳум) ҳадис ривоят қилиш шарафига муяссар бўлди. Шаъбий ўта заковатли, қалби уйғоқ, зеҳн ва фаҳм-фаросати ўткир, тез ёдлаш ва эслаб қолиш қобилиятлари фавқулодда юксак йигит эди. Ўзи ҳақида бундай дегани ривоят қилинган: “Ҳаётимда асло оқни қора қилмаганман, яъни бирон сўзни вараққа ёзмаганман, ким бир ҳадисни айтса, уни тезда ёдлаб олардим, менга бир сўз айтган кишининг яна шу сўзни қайтаришини сўрамаганман”.
Шаъбий илмга муҳаббатли, билим ва маърифат билан доим машғул бўлиб, бу йўлда энг қимматбаҳо нарсаларни, ҳатто жонини ҳам фидо этишга тайёр, ҳар қандай қийинчиликларни эса енгил санар эди. У шундай дерди: “Агар бир киши Шомнинг у чеккасидан Яманнинг бу чеккасига сафар қилиб, умрининг қолган қисмида ўзига фойда бўладиган бир калима ўрганган бўлса, сафарини зоя қилмабди”.
Шаъбий илмда жуда юқори даражага етганидан: “Мен энг оз ўрганган илм бу шеъриятдир. Шунга қарамай, агар истасам битта шеърни икки марта такрорламасдан, сизларга бир ой шеър айтиб бера оламан”, дер эди.
Саҳобалар ҳали ҳаёт бўлиб, одамлар орасида юрган чоғларида, Куфанинг жомеъ масжидида Шаъбийнинг ўз ҳалқаси – дарс мажлиси бор эди. Кишилар унинг атрофида тўп-тўп бўлиб ўтирарди. Ҳатто бир кун улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Шаъбийнинг кишиларга ғазотлар ҳақида мукаммал тарзда, нозик нуқталаригача қолдирмасдан айтиб бераётганини диққат билан эшитиб: “Дарҳақиқат, мен бу йигит гапириб бераётган ғазотларнинг айримларини ўз кўзим билан кўрганман, қулоғим билан эшитганман, лекин шунга қарамай, бу йигит мендан кўра уларни чиройли ҳолатда тушунтириб бермоқда”, деган эди.
Шаъбийнинг кенг илмли ва ўткир зеҳнли эканига далолат қилувчи воқеа-ҳодисалар кўпчиликни ташкил этади. Шулардан бирини ўзи шундай ҳикоя қилади: “Бир куни насл-насаби билан бир-бирига фахрланаётган икки киши ҳузуримга келишди. Бири Омир, бошқаси Асад қабиласидан эди. Омирий биродаридан устун чиқиб, уни кийимидан судраб келарди. Асадий эса мағлуб ҳолда: “Қўйиб юбор”, деб зорланар, Омирий: “Аллоҳга қасамки, Шаъбий ўртамизда ҳукм чиқармагунча қўйиб юбормайман”, дер эди. Омирийга юзланиб: “Ўртангизда ҳукм чиқараман, уни қўйиб юбор”, дедим. Сўнг Асадийга қараб айтдим: “Нима учун унинг ёнида заиф ва синиқ ҳолда турибсан? Ҳолбуки сенинг қабилангда арабларнинг биронтасида бўлмаган олтита фахрланадиган устунлик бор:
Биринчиси, сизнинг қабилангизга мансуб аёлга башарият саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам совчи қўйганлар, Аллоҳ таоло у зотни ўша аёлга уйлантирган. Ўрталаридаги элчи Жаброил алайҳиссалом бўлган. Бу аёл, мўминлар онаси Зайнаб бинти Жаҳшдир. Бундай ҳурмат-икром фақат сенинг қавмингга бўлган, араблардан бошқа биронтасига қилинмаган.
Иккинчиси, ер устида юрган жаннати киши Укоша ибн Миҳсан сизнинг қавмингиздан. Бу ҳам бошқа қавмларда бўлмаган, сиз Бани Асаддагина бўлган фазилатдир.
Учинчиси, Ислом байроғи остида юборилган биринчи лашкарга сизнинг қавмдошингиз Абдуллоҳ ибн Жаҳш бошчилик қилган.
Тўртинчиси, Исломда тақсим қилинган биринчи ўлжани ҳам Абдуллоҳ ибн Жаҳш қўлга киритган. Бешинчиси, Байъати Ризвонда биринчи байъат қилган киши сизлардан эди. У қабиладошингиз Абу Синон ибн Ваҳб бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, қўлингизни беринг, мен сизга байъат қиламан”, деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нима нарсага?” деб сўрадилар. У: “Сиз хоҳлаётган нарсага”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен нимани хоҳлаяпман?” дедилар. У: “Ғалаба ёки шаҳидлик”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, шундай”, дедилар ва у байъат қилди, шундан сўнг одамлар ҳам Абу Синондек байъат беришди.
Олтинчиси, қавминг Бану Асадликлар Бадр кунида муҳожирларнинг еттидан бир қисмини ташкил қилган”. Шунча фазилатларни санаганимдан кейин Омирий жим бўлди қолди”. Имом Шаъбий заиф ва мағлуб кишига кучлик ва ғолиб устидан ёрдам беришни хоҳлаганига шубҳа йўқ. Агар Омирий мағлуб ҳолда бўлганида, Бану Омирнинг у билмаган фазилатларни санаб ўтган бўлар эди.
Давоми бор...
Интернет материаллари асосида ЎМИ ходими,
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Жорий йилнинг 7 июл санасида Тошкентда старт олган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференцияда мисрлик эксперт Муҳаммад Ҳассан Имом Мотуридийнинг ақл, танқидий тафаккур ва мўътадилликка асосланган таълимотини бугунги таҳдидларга қарши энг муҳим маърифий ечимлардан бири сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, экстремизмга қарши кураш хавфсизлик чоралари билан чекланмасдан, ёшларда мустақил фикрлашни шакллантириш ва исломнинг инсонпарварлик моҳиятини замонавий медиа орқали кенг тарғиб қилиш билан бирга олиб борилиши лозим, хабар бермоқда iccu.uz.
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференцияда Миср Араб Республикаси Дорул Ифто ҳузуридаги Экстремизм ва исломофобияни ўрганиш бўйича “Салам” маркази директори Муҳаммад Ҳассан қатнашди.
Мисрлик олим ўз чиқишида Имом Мотуридий таълимоти нафақат тарихий-илмий мерос, балки бугунги кунда дунё ҳамжамияти дуч келаётган энг долзарб муаммоларга муносиб жавоб бера оладиган ҳаётий методология эканини таъкидлади.
«Имом Мотуридий — бу ақл мактабидир. Унинг илмий методологияси замонавий воқелик учун ҳам кўплаб ечимларни тақдим этади. Бугун биз кузатаётган муаммоларнинг катта қисми айнан ақл ва нақл уйғунлигига асосланган ҳақиқий илмий ёндашувнинг ҳаётимизда етарлича қарор топмагани билан боғлиқ», — деди олим.
Муҳаммад Ҳассан ўзининг экстремизм ва радикал ғояларни мониторинг қилиш соҳасидаги кўп йиллик тажрибасига таяниб, бугунги кунда дунёда кузатилаётган кўплаб таҳдидлар илм ва маърифат орқали бартараф этилиши мумкинлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий асос солган ақлий-таҳлилий ёндашув айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Шу муносабат билан у терроризмга оид халқаро статистик маълумотларни келтириб, мавжуд вазиятнинг ўта зиддиятли эканига эътибор қаратди.
«Дунёда терроризм қурбонларининг қарийб 97 фоизи мусулмонлардир. Бироқ айни пайтда терроризм ҳақида сўз кетганда биринчи навбатда мусулмонлар айбланади. Бу жиддий таҳлилни талаб қиладиган ўта мураккаб ҳолатдир», — деди у.
Мисрлик олим экстремистик ташкилотлар фаолиятини таҳлил қилиш жараёнида уларнинг деярли барчаси такфирчилик ғоясига таяниши аниқланаётганини таъкидлади.
«Биз ўрганган барча террорчи ташкилотлар ўзларидан бошқа мусулмонларни кофир деб ҳисоблайди. Улар учун ҳақиқий мусулмонлар — фақат ўзларининг кичик гуруҳи. Бу эса Имом Мотуридий белгилаб берган ақидавий тамойилларга мутлақо зид ёндашувдир», — деди Муҳаммад Ҳассан.
У Имом Мотуридийнинг «Китоб ат-тавҳид» асарида баён этилган «динни англашнинг асоси ақл ва тафаккурдир, кўр-кўрона тақлид эса инсонни ҳақиқатга етакламайди» деган ғоясига тўхталиб, мазкур тамойил бугун ҳам экстремизмга қарши курашда долзарб аҳамият касб этишини қайд этди.
Олим ёшлар тарбияси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, фарзандларда фақат итоат эмас, балки мустақил фикрлаш, мулоҳаза қилиш ва савол бериш кўникмаларини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.
«Итоат яхши фазилат. Бироқ у албатта ақл, мулоҳаза ва ишонтириш билан уйғун бўлиши керак. Ана шунда фарзандларимиз турли радикал оқимлар таъсирига тушиб қолмайди», — деди у.
Шунингдек, Муҳаммад Ҳассаннинг қайд этишича, Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини академик муҳит билангина чеклаб қўймасдан, замонавий ахборот майдони орқали кенг жамоатчиликка етказиш бугунги куннинг устувор вазифаси.
«Биз Имом Мотуридий меросини китоблар саҳифасидан ижтимоий тармоқларга олиб чиқишимиз керак. Уни қисқа видеолар, подкастлар, мультимедиа лойиҳалари ва бошқа замонавий форматларда кенг аудиторияга етказиш вақти келди. Бу бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир», — деди олим.
Шунингдек, мисрлик олим мазкур йўналишда диний уламолар, тадқиқотчилар, журналистлар, медиа мутахассислари ва креатив индустрия вакилларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳимлигини қайд этди. Таъкидланганидек, Имом Мотуридийнинг ақл, бағрикенглик ва мўътадилликка асосланган таълимотини замонавий коммуникация воситалари орқали кенг тарғиб қилиш экстремизмга қарши маърифий иммунитетни мустаҳкамлаш, ёш авлод онгида соғлом диний тафаккурни қарор топтириш ҳамда исломнинг инсонпарварлик моҳиятини дунё жамоатчилигига тўғри етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати