Эзгулик сўқмоқларида ўзингиздан из қолдиринг. Чунки бунинг охиратда ажр-мукофоти бўлади. Аллоҳнинг ҳузурида асло зое бўлмайди. Ахир Аллоҳ таоло бу ҳақда айтган-ку: “Албатта, Биз, Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз” (Ёсин сураси, 12-оят).
Сиз соясида сояланаётган дарахтни сиздан олдин кимдир эккан. Сиздан кейингилар сояланиши учун кўчат ўтказишни сиз ҳам ёдингиздан чиқарманг.
Ўзингиздан мутлақо из қолдирмаган ҳолда дунёдан кетманг. Негаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қайсики мусулмон экин экса, ундан ейилгани у учун садақа бўлади, ўғирлангани ҳам садақа бўлади, ёввойи ҳайвонлар егани ҳам садақа бўлади, қушлар егани ҳам унга садақа бўлиб ёзилади. Ҳатто кимдир уни шикастлайдиган бўлса ҳам эккан одам учун садақа бўлади”.
Биттагина ўсимликдан минглаб тирик жонзотлар манфаатланишини билар экансиз, энди ўйлаб кўринг, боғбонлар, деҳқонлар ўзлари билмаган ҳолда қанча савобларга эришар экналар!
Ерга ҳамма учун фойдали нарса эккан одамга нақадар яхши!
Фарзандларининг, аҳли-оиласининг қалбига дин муҳаббатини эккан одамга эса ундан ҳам яхши! Ундан бахтли, ундан катта савобли одам йўқ дунёда!
Энди мана шу ерларни сақлаб қолиш учун уни қонлари, терлари билан суғорган, Аллоҳ учун тинимсиз саъй-ҳаракат қилганларни-ку қўяверасиз. Уларни Аллоҳнинг Ўзи муносиб мукофотлайди!
Бировнинг китобига ўзингиздан қўшимча варақ қўшманг, чунки ўрнига-ўрин топилганда сиздан беҳожат бўлишади.
Бугун бир дарахт экинг, эртага соясида ухлайсиз. Зотан инсоннинг қиймати туғилганидан то вафотига қадар ҳаётга қўшган ҳиссасига қараб билинади.
Номини зикр этиш билан қалблар ёришадиган ўликлар қаерда-ю, номини эсга олсанг афти-ангоринг бузиладиган тириклар қаерда?!
Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзи одамлар вафот этишса-да, яхшиликлари ўлмади! Яна баъзи одамлар борки, худди ўлик каби яшайдилар!”
Агар одамларга фойда берадиган бирор фикрингиз бўлса, уни албатта тақдим этинг ёки маҳоратингиз бўлса ёзма услубдами, шеърий услубдами баён этинг. Эҳтимол китоб ёзиб ўзингиздан из қолдирарсиз! Иқтидорингизни ҳижолатчилик ёки қўрқув сингари айрим омиллар сабаб юзага чиқара олмаётган бўлсангиз, ўз номингизни келажакда ёзилажак тарихдан ўчираётгандек, бу умматни бунёд этиш учун ўз ғишингизни қўйишдан бахиллик қилаётгандек бўласиз. Шундай экан маҳоратингиз бор ишни албатта бажаринг!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо вафот этганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанлар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Ислом даъватининг илк йилларида биринчи турмуш ўртоғи Сакрон ибн Амр билан бирга Аллоҳнинг динини қабул қилганлар. Аммо Исломга кирмаган қариндошларининг аксарияти Савда розияллоҳу анҳога ёмон муносабатда бўлишган. Қолаверса, мушрикларнинг таъқиблари, азоб-уқубатлари ва ҳақоратларини ҳам бошдан кечирди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга Эфиопия (Ҳабашистон)га ҳижрат қилишни буюрдилар. Бу сафар мушриклар тўсқинлик қилмасликлари учун махфий тарзда амалга оширилди. Савда розияллоҳу анҳо ва турмуш ўртоғи Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида уй-жойлари ва мол-мулкларини ташлаб, мусофирликка чиқдилар.
Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Зулмга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда, албатта, гўзал(жой)га жойлаштирамиз. Ва охират ажри каттароқдир, агар биладиган бўлсалар” (Наҳл сураси, 41-оят).
Кейинчалик муҳожирларга Маккада мушриклар мусулмонларга тазйиқ қилишни тўхтатгани ҳақида хабар етди. Шу боис айримлари юртларига қайтишга қарор қилдилар. Савда розияллоҳу анҳо ҳам улар орасида эдилар. Аммо Маккага етиб келгач, бу хабар ёлғон экани маълум бўлди. Ана шу оғир кунларда яна бир мусибат юз берди – касаллик сабабли турмуш ўртоғи Сакрон ибн Амр вафот этди.
Милодий 619 йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида икки катта мусибатни бошдан кечирдилар: дастлаб амакилари Абу Толиб, ортидан эса завжаи муҳтарамалари Хадижа розияллоҳу анҳо вафот этдилар. Бу йўқотишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ маҳзун қилди.
Кунларнинг бирида Ҳавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уйланишни таклиф қилиб, Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳақида сўз очди. Шундан сўнг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳавла розияллоҳу анҳони Савда розияллоҳу анҳонинг розилигини билиш учун юбордилар. Савда розияллоҳу анҳо бу никоҳга розилик билдирдилар. Кейин эса Ҳавла розияллоҳу анҳони оталарининг фикрини сўраш учун юбордилар. Оталари ҳам ушбу никоҳга розилик бердилар. Шу тариқа Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқдилар.
Бу орада Маккада мусулмонларга нисбатан таъқиблар янада кучайди. Шу сабабли мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишга қарор қилдилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиб, муҳожирлар сафидан ўрин олдилар.
Мўминларнинг бошқа оналари каби Савда розияллоҳу анҳо ҳам кўплаб юксак фазилатларга эга эдилар. Айниқса, саховатлари билан ажралиб турардилар.
Ибн Сириндан ривоят қилинадики, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида Савда розияллоҳу анҳога дирҳамлар солинган катта халта юбордилар.
Савда розияллоҳу анҳо:
— Бу нима? — деб сўрадилар.
Улар:
— Дирҳамлар, — дедилар.
Шунда у киши:
— Хурмо солинган идиш каби тўлиб кетибди-ку, — дедилар.
Сўнг хизматкорини чақириб:
— Уни тарқатиб юбор, — дедилар.
Ва барча молни камбағалларга садақа қилиб юбордилар.
Савда розияллоҳу анҳо хушчақчақ ва очиқкўнгил аёл эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Ё Аллоҳнинг Расули, кеча сиз билан намоз ўқидим. Сиз рукуни шу қадар узоқ қилдингизки, ҳатто бурнимдан қон оқиб кетмасин деб ушлаб турдим”, дедилар. Бу гапдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо бутун умрларини тақво, саховат ва юксак ахлоқ билан ўтказдилар. У киши ўз даврларида ҳам, бугунги кунда ҳам мусулмон аёллари учун ибрат намунаси бўлиб қолмоқдалар.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Савдадан кўра ўзимни унга ўхшатишни кўпроқ истайдиган бирор кишини билмайман”, деганлар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳо халифаликларининг сўнгги йилларида вафот этдилар.
Аллоҳ таоло Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳодан рози бўлсин, у зот каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли, динимизга содиқ, сабрли ва саховатли бандаларидан қилсин.
Аллоҳим, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари ва барча саҳобаларидан рози бўлгин. Бизни ҳам уларнинг гўзал хулқларига эргашувчилардан қилгин. Қалбларимизни иймон нури билан мунаввар, оилаларимизга барака, ҳаётларимизга тақво ва амалларимизга ихлос ато этгин.
Даврон НУРМУҲАММАД