Cавол: Хуфтон намозида имомга иқтидо қилиб, шом намозига ният килиб қўйибман. Бошқатдан ўқиб олишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ният намознинг шартларидан бири ҳисобланади. Бу ниятда қалбдаги ният эътиборли бўлади. Тилда бошқа намоз, қалбда бошқа намозни ният қилса, қалбдаги ният ҳисобга ўтади. Шунга кўра агар сиз дилингизда хуфтон намозини ўқиш нияти бўлиб, тилингизда шом намозини айтган бўлсангиз, бунинг зарари йўқ. Бу ҳолатда намозни қайта ўқимайсиз. Агар дилингизда ҳам шом намози деб ният қилган бўлсангиз, у ҳолда қайта ўқиб оласиз. Бу борада фиқҳий манбаларимизда қуйидагича иборалар келган: “Ниятда эътиборга олинадиган нарса бу бажарилаётган ишни қалбнинг қасд қилишидир. Қалбдаги ниятга тилдаги ният зид бўлса, бунинг аҳамияти йўқ. Чунки тилда айтиш қасд қилиш эмас, балки гапиришдир. Масалан, бир киши пешин намозини ўқиш учун дилида пешинни ният қилди, аммо адашиб тили билан асрни ният қилиб қўйди. Бундай ният қилиши кифоя қилади” (“Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати