Ислом уламолари ўртасида илк даврдан бошлаб, ҳадисларнинг тўғрилиги, яъни, саҳиҳлиги, манбаларнинг ишончлилигига алоҳида эътибор берилган. Бунга сабаб ўша даврдан бошлаб, мусулмонлар орасида ноаниқ, шубҳали, ҳатто ғаразли мақсадларга қаратилган сохта ҳадислар ҳам тарқала бошлаган.
Маълумки, саҳобалар ўз жонлари-ю молларини дин учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун фидо қилган зотлар бўлишган. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига бевосита шоҳид бўлганларки, уларнинг ҳадис тўқиши эҳтимолдан йироқ ишдир. Чунки Ислом тарихидан биламизки, саҳобалар ҳар бир хато, ножўя ишларга, ёлғонга жим қараб турмаганлар, балки бу каби ҳолатларга жуда қаттиқ турганлар.
Аммо, тобеъинлар даврида илк сиёсий ихтилофлар вужудга келиши баъзи мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлишига сабаб бўла бошлади. Лекин, бу даврда адолатпеша саҳобаларнинг ҳаётликлари бу ҳаракатларнинг кенг тус олишига тўсқинлик қилган.
Тобеъинлардан кейинги даврда Ислом динининг турли халқлар орасида кенг тарқалиши, сиёсий ихтилофларнинг кенг тус олиши, ҳақиқий диний илмлардан узоқлашиш турли соҳаларда мавзуъ ҳадисларнинг кўпайишига олиб келди.
Ҳадис тўқувчиларнинг асосий сабаблари қуйидагича:
Сиёсий ихтилофлар: Баъзи олимлар мавзуъ ҳадислар ҳижрий 41 йилга, яъни Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврига тўғри келади деган фикрни олға сурганлар.
Шиалар ўз даъвосини қўллаб қувватлаш учун қуйидаги мавзуъ ҳадисларни тўқиб чиқардилар: “Менинг ўринбосарим, менинг сирдошим, аҳли байтимдан менинг халифам, мендан кейин халифаликка энг лойиқ одам Алидир”, “Ҳар бир Пайғамбарнинг васиятчиси ва вориси бўлгани каби менинг ҳам васиятчим ва ворисим Али ибн Абу Толибдир”, “Ким Алини инсонларнинг энг яхшиси демаса, кофир бўлади”, “Алига назар ташлаш ибодатдир”.
Бу борадаги тўқилган ҳадисларнинг мазмуни асосан баъзи шахсларни улуғлаш маъносида бўлди. Ҳар бир тоифа ўз етакчиси, бошлиғининг фазилати ҳақида ҳадис тўқишга ҳаракат қилди.
Манбаларда кўрсатилишича, бу ҳаракатни биринчи бўлиб “шиа” тоифаси бошлаган.
Шу ўринда, мазкур мазмундаги мавзуъ ҳадисларни базиларини мисол тариқасида айтиш мумкин:
“Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир”,
“Сизларнинг қозингиз Алидир”.
Халифалик Умавийларга ўтгандан кейин уларнинг тарафдорлари араб миллатига мансуб бўлмаган одамларга нисбатан менсимаслик ва камситиш туйғуси билан муомала қилганлар. Натижада, турли тўқима ҳадислар вужудга келди.
Ислом душманлари: Булар мусулмонларни ақидаларидан ва Ислом динидан узоқлаштириш мақсадида ҳадислар тўқиб, уларга асосланган ботил ақидаларни мусулмонлар орасида тарғиб қилганлар. Айтиш мумкинки, Ислом душманлари ўша даврда кенг тарқалган турли диний оқимларнинг ниқоби остида фаолият кўрсатганлар.
Бундай кишилардан бири Муъалло ибн Абдуроҳман вафот етиши олдидан бундай деган: “Мен Алининг фазли тўғрисида 70 ҳадис тўқиганман”. Одамларнинг Ислом динини қабул қилмасликлари, қабул қилганларни эса, ундан совитиш мақсадида зиндиқлар (дин душманлари яъни, динсизлар) мантиқсиз, ақл бовар қилмайдиган ва эртакка ўхшаган ҳадисларни тўқий бошлаганлар.
Жаъфар ибн Сулаймон айтади: “Ислом душманларидан бири одамлар орасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган 400 ҳадисни тарқатганига иқрор бўлди”.
Қасддан эмас, балки баъзи ровийларнинг хато гумонлари туфайли вужудга келган мавзуъ ҳадислар: Бунинг кўриниши, саҳиҳ ҳадис матнига баъзи иборалар ёки сўзларнинг қўшилиб қолиши шаклида бўлади.
Шунингдек, Аллоҳнинг сифатларига, тарихий воқеликка ҳамда тиббиёт фанига зид келувчи ҳадислар ҳам мавзуъ ҳисобланади. Бундан ташқари бир ирқни, мазҳабни, мазҳаб имомларини, адашган фирқаларни мадҳ этувчи ва саҳобаларни камситувчи ҳадислар ҳам мавзуъ ҳисобланади.
Ислом душманлари ҳам кўпинча Ислом динини инсон ҳаёти учун салоҳиятсиз эканлигини исботлаш мақсадида мавзуъ ҳадислардан макр, ҳийла йўли билан фойдаландилар.
Кўпчилик олимлар фикрича, қайси соҳага оид бўлсин, яъни, ҳукмга оид, қиссалар тарғиб, таҳдидга оид бўлсин, мавзуъ ҳадисни унинг мавзуълигини билган ҳолда ривоят қилиш ҳаромдир. Аммо, унинг мавзуълигини очиқ айтиб ўтиш билангина жоиздир. Бунга далил ўлароқ Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисни келтирилади:
“Ким мендан ёлғони кўриниб турган ҳадисни ривоят қилса, икки ёлғончининг биридир”.
Бу ҳадис мавзуъ ривоят қилувчига етарли раддия бўла олади, бироқ мавзуъ эканлигини келтириб ўтса жоиз дейишган.
Юқоридаги маълумотдан кўриниб турибдики, саҳобалар розияллоҳу анҳу ҳадисга нисбатан жуда жиддий муносабатда бўлганлар. Аммо, саҳобалардан кейинги даврларда пайғамбаримиз ҳадисларига бўлган муносабатлар турлича бўлди.
Мусулмонлар кенг оммаси ҳадисларни ёдлаш, уни англаб етишдан ожиз бўлдилар, ҳадисларнинг асл матнлари ва иснодларидан воқиф бўлувчилар камайди, энг ачинарлиси, ҳадислар шаънини топтагувчилар ҳам вужудга кела бошлади. Буларнинг натижаси ўлароқ, турли ботил оқим ва мазҳаблар, нотўғри ақидаларнинг вужудга келганини кўриш мумкин.
Муҳаммад Содиқ АБДУЛЛАЕВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси