Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Иймонимиз саломат бўлиши учун...

15.05.2024   2672   4 min.
Иймонимиз саломат бўлиши учун...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лã илãҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) бўлса, жаннатга киради» дедилар (Имом Абу Довуд ривояти)

Бошқа бир ҳадисда: Ким ҳар фарз намоз ортидан Оятул Курсийни ўқиб юрса, жаннатга киришдан уни фақат ўлим тўсиб туради”дедилар (Имом Насоий ва Имом Табароний ривояти).

Бир киши ҳикоя қилади: «Бу воқеага қирқ йилча бўлди. Сентябр ойининг охирги кунлари, эрталаб машинамда ишга кет­япман. Ҳосилдор пахтазорлар ёнимдан лип-лип ўтади. Олдимда елиб кетаётган “Колхида” русумли тиркамали улов йўлнинг ўнг тарафига ўтди. Мени кўриб йўл берди деб ўйлаб, ёнидан қувиб ўтиш учун газни босдим. Афсуски, ҳайдовчи мени кўрмаган экан. “Колхида”нинг кабинаси илоннинг боши сингари бир зумда мен томонга бурилди. Машинамнинг тормозини босишга ҳам улгурмадим. Қарсиллаб урилган овозга қўшилиб тилимдан беихтиёр “Лã илãҳа иллаллоҳ” калимаси отилиб чиқди. “Колхида”га урилган машинам осмонга сапчиб, пачақланиб, йўл четидаги канал ичига кўндаланг бўлиб тушди.

Мен “Лã илãҳа иллаллоҳ” калимаси тилимга қандай келганини билмадим, аммо кўксим ҳавога тўлиб таранг тўп мисоли юмалоқ ҳолда рул чамбарагини эгиб юборган эди. Кўксим эзилган, аммо тирик қолган эдим. Бу хулосани шифокорлардан эшитдим. Дунёвий (моддий) азиятдан Аллоҳнинг зикри ҳимоя этишини амалда ҳис қилдим».

Оятул Курсийни беш вақт намоздан сўнг, саҳар уйғонганда ҳамда кечки уйқудан олдин ўқишга одатланиш айнан суннатга мувофиқдир. Оятул Курсийдаги зоҳирий ва ботиний ҳикматларни Аллоҳнинг Ўзигина билувчидир.

Аллоҳнинг Каломидан ушбу оят тафсирини ҳадиси шариф билан муштарак ҳолда тушунишга ҳаракат қиламиз.

“Аллоҳ – ҳамиша барҳаёт ва абадий турувчи Аллоҳдир ва Ундан ўзга илоҳ йўқ. Мудроқ ҳам, уйқу ҳам тутмайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ)Еру осмонлардаги барча махлуқотлар ўзиники бўлган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Қиёмат кунида Унинг изнисиз ҳеч бир кимса гу­ноҳкорларни шафоат қила олмайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Одамлардан олдин ва кейинги содир бўлган ва бў­ладиган нарсаларни билувчи (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Унинг илмидан У билдирган миқдорича одамлар англайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Курсиси осмонлару Ерни ҳам қамраб олган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Уларни сақлаб туриш чарчатмайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Олий ва Буюк бўлган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ)”. 

Ушбу ояти карима ва юқоридаги ҳадиси шарифдаги муборак мужда шуки, ҳар бир мўмин киши ўзига ва яқинларига раво кўрадиган жаннатга кириш неъматидир.

Бирон кишининг уйига кирмоқчи бўлсак, ояти каримага мувофиқ, аввало, хонадон эгасидан изн сўрашга буюрилганмиз (Нур сураси, 27–29-оятлар). Охират диёри ва жаннатнинг мутлақ Соҳиби, шубҳасиз, Аллоҳ таолодир. У Зотнинг “уйи”га киришнинг калити “Лã илãҳа иллаллоҳ” калимасидир.

Кўзимиздан нур, белимиздан қувват кетиб, ўлим фариштаси эшик қоқиб турганда, охират диёри Соҳибининг яккаю ягона эканини тилга олиш, уни айта олиш чинакам мўмин-мусулмон кишигагина насиб этади.

Шаҳодат калимасини айтиб омонатни топшириш саодатдир. Бу саодатга умр бўйи тоат-ибодатда яшаган, эзгу ишларни кундалик аъмолига айлантирган киши мушарраф бўлади. Фазилат жиҳатидан эса, барча намозлардан сўнг Оятул Курсийни ўқиб юриш ҳам иймон саломатлигига кафолатдир. 

Абдумуталиб ОТАБОЕВ,

Жиззах вилояти

“Холид ибн Валид” жоме масжиди

имом-хатиби 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкент ислом институти ва Ҳадис илми мактабида ижодий имтиҳонлар ўтказилади

10.08.2026   1662   1 min.
Тошкент ислом институти ва Ҳадис илми мактабида ижодий имтиҳонлар ўтказилади

Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
 

Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:

  • Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;

  • Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;

  • Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.


Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.


Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.

Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари