Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Август, 2026   |   4 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:06
Қуёш
05:34
Пешин
12:27
Аср
17:18
Шом
19:24
Хуфтон
20:47
Bismillah
17 Август, 2026, 4 Рабиъул аввал, 1448

Ўрганиш керак бўлган хорижий тиллар

15.05.2024   3312   4 min.
Ўрганиш керак бўлган хорижий тиллар

Ўрганиш фойдали бўлган чет тиллар:

Араб тили;
Инглиз тили;
Турк тили (Туркия туркчаси);
Форс тили;
Рус тили;

Бу тиллар нафақат фойдали, балки жуда гўзал тиллар. Араб тилини мукаммал билиш диний адабиётларни аслиятдан ўрганишга замин яратади. Тафсир, Ҳадис ва унинг шарҳлари, фиқҳ ва унинг асослари, Қуръон билимларини ўрганиш, шунингдек, олимларнинг ижтимоий масалаларга бағишлаб ёзган оммабоп асарларини мутолаа қилишда асқотади. Шаръий билимлар маълум марҳалага қадар устоз билан ўрганилиши шарт. Аммо, бунинг учун ҳам аввал араб тилини яхши билиш лозим. Ижтимоий аҳамиятга молик асарларни эса устозсиз мутолаа қилса ҳам бўлади. Зеро, бундай асарлар зотан тушунарли ва оммабоп руҳда ёзилади. Бу санаганларимиз араб тилининг ухровий ва тарбиявий фойдалари. Дунёвий маънода эса араб тилини билиш араблар билан мулоқот қилиш, ушбу тилнинг балоғату фасоҳатидан баҳраманд бўлиш учун керак. Шунингдек, араб тилидан бирор қийматли асар таржима қилиб ёхуд араб тили ўргатиб тирикчилик қилиш ҳам мумкин.

Инглиз тилини чет тили сифатида ўрганиш ухровий манфаатларга васила бўлмаса-да, бу тилнинг дунёвий соҳаларда муҳимлиги барчага маълум. Инглизчангиз бўлса, дунёнинг кўп жойларида одамлар билан англашиб кетаверасиз. Агар чуқурроқ билсангиз дунёга машҳур асарларни аслиятдан ўқиб тушуниш имконига эга бўласиз. Бордию илғор технологиялар соҳасида ишласангиз инглиз тилисиз қийин. Зеро, барча техник атамалар инглизча ёки инглизлашган лотинча сўзлардан иборат. Нафақат IT соҳаси балки, кўплаб дунёвий соҳаларда инглиз тилини билиш олқишланади.

Юқорида айтганимиздек, зикр қилинган тиллар ухровий ёки дунёвий аҳамиятидан ташқари, даврлар ўтиши билан ривожланиб, гўзаллашиб қолган тиллардир. Масалан, соф адабий араб тилида бирор парчани ўқиш ёхуд эшитиш инсонга завқ бағишлайди. Баъзи олимлар бор, мавзу фиқҳий ёки илмий бўлса-да, ишлатган жумлалари ғоят пишиқ, фасоҳату балоғатга йўғрилган бўлади. Шундай китобларни ўқисангиз ҳам илм, ҳам адабий завқ оласиз. 

Турк тили энди ўзбеклар учун бегона тил эмас. Лекин, масофалар узоқлиги ва узоқ муддат борди-келди бўлмагани туфайли Туркия туркчаси ўзича ривожланиб, кўп сўзларни французчадан олиб, ён-атрофидаги давлатлардан таъсирланиб, бизнинг тилимиз билан орадаги тафовут жари катталашиб қолди. Ўз навбатида дунёда сўзлашувчилар сони жиҳатидан иккинчи буюк туркий тил бўлган ўзбек тили ҳам мустабид тузум даврида ўзича, мустақил равишда ривожлана олмади. Гўёки қафасга тушиб қолди. Дунё соҳасида нимаики, янгилик чиқса, унинг номи ва атамасини руслардан олишга мажбур бўлди. Ва шу туфайли қайсидир маънода тилимиз ривожланишдан тўхтаб қолди.

Турк тили араб, форс ва европа тилларидан таъсирланганлиги учун ҳам бағоят гўзаллашиб, мукаммаллик касб этган. Туркча асарларни ўқисангиз ўзгача завқ оласиз.
Форс тилининг жозибадорлиги, гўзаллиги ҳам бежиз эмас. У ҳам қадим империялар ва цивилизациялардан мерос бўлиб қолган тилдир. Шунингдек, жуда кўп илмий-адабий асарлар ҳам ушбу тилда битилган. «Форсий шакар аст» (Форс тили шакардек ширин) деган машҳур ибора ҳам бежиз пайдо бўлмаган. Ҳатто, шу номли роман ҳам бор Муҳаммад Али Жамолзода қаламига мансуб. Форсларнинг сўзлашувига қулоқ солсангиз худди ашула айтаётгандек, тасаввур пайдо бўлади. Чунки, сўзлари чиройли ва оддий сўзлашув ҳам маълум оҳанг ва ритмларга тушиб қолади, истар-истамас. 

Рус тили доимий равишда янгиланиб, ривожланиб борувчи тил бўлганлиги учун ҳамда Россия империяси ҳам қайсидир маънода Британия империяси билан рақобатлашиб, кўп жойларни мустамлака қилганлиги ортидан рус тили жуда бойиб кетди. Боз устига, Россияда илм-фанга эътибор жуда кучли. Қаерда илм-фанга эътибор бўлса, ўша ернинг тили албатта кучаяди. Ушбу омиллар таъсирида рус тилининг фасоҳату балоғати ҳам ривожланиб, ёқимли тилга айланди. 

Алишер Султонходжаев

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

14.08.2026   21315   1 min.
Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.

“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.

Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.

Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари