Ўрганиш фойдали бўлган чет тиллар:
Араб тили;
Инглиз тили;
Турк тили (Туркия туркчаси);
Форс тили;
Рус тили;
Бу тиллар нафақат фойдали, балки жуда гўзал тиллар. Араб тилини мукаммал билиш диний адабиётларни аслиятдан ўрганишга замин яратади. Тафсир, Ҳадис ва унинг шарҳлари, фиқҳ ва унинг асослари, Қуръон билимларини ўрганиш, шунингдек, олимларнинг ижтимоий масалаларга бағишлаб ёзган оммабоп асарларини мутолаа қилишда асқотади. Шаръий билимлар маълум марҳалага қадар устоз билан ўрганилиши шарт. Аммо, бунинг учун ҳам аввал араб тилини яхши билиш лозим. Ижтимоий аҳамиятга молик асарларни эса устозсиз мутолаа қилса ҳам бўлади. Зеро, бундай асарлар зотан тушунарли ва оммабоп руҳда ёзилади. Бу санаганларимиз араб тилининг ухровий ва тарбиявий фойдалари. Дунёвий маънода эса араб тилини билиш араблар билан мулоқот қилиш, ушбу тилнинг балоғату фасоҳатидан баҳраманд бўлиш учун керак. Шунингдек, араб тилидан бирор қийматли асар таржима қилиб ёхуд араб тили ўргатиб тирикчилик қилиш ҳам мумкин.
Инглиз тилини чет тили сифатида ўрганиш ухровий манфаатларга васила бўлмаса-да, бу тилнинг дунёвий соҳаларда муҳимлиги барчага маълум. Инглизчангиз бўлса, дунёнинг кўп жойларида одамлар билан англашиб кетаверасиз. Агар чуқурроқ билсангиз дунёга машҳур асарларни аслиятдан ўқиб тушуниш имконига эга бўласиз. Бордию илғор технологиялар соҳасида ишласангиз инглиз тилисиз қийин. Зеро, барча техник атамалар инглизча ёки инглизлашган лотинча сўзлардан иборат. Нафақат IT соҳаси балки, кўплаб дунёвий соҳаларда инглиз тилини билиш олқишланади.
Юқорида айтганимиздек, зикр қилинган тиллар ухровий ёки дунёвий аҳамиятидан ташқари, даврлар ўтиши билан ривожланиб, гўзаллашиб қолган тиллардир. Масалан, соф адабий араб тилида бирор парчани ўқиш ёхуд эшитиш инсонга завқ бағишлайди. Баъзи олимлар бор, мавзу фиқҳий ёки илмий бўлса-да, ишлатган жумлалари ғоят пишиқ, фасоҳату балоғатга йўғрилган бўлади. Шундай китобларни ўқисангиз ҳам илм, ҳам адабий завқ оласиз.
Турк тили энди ўзбеклар учун бегона тил эмас. Лекин, масофалар узоқлиги ва узоқ муддат борди-келди бўлмагани туфайли Туркия туркчаси ўзича ривожланиб, кўп сўзларни французчадан олиб, ён-атрофидаги давлатлардан таъсирланиб, бизнинг тилимиз билан орадаги тафовут жари катталашиб қолди. Ўз навбатида дунёда сўзлашувчилар сони жиҳатидан иккинчи буюк туркий тил бўлган ўзбек тили ҳам мустабид тузум даврида ўзича, мустақил равишда ривожлана олмади. Гўёки қафасга тушиб қолди. Дунё соҳасида нимаики, янгилик чиқса, унинг номи ва атамасини руслардан олишга мажбур бўлди. Ва шу туфайли қайсидир маънода тилимиз ривожланишдан тўхтаб қолди.
Турк тили араб, форс ва европа тилларидан таъсирланганлиги учун ҳам бағоят гўзаллашиб, мукаммаллик касб этган. Туркча асарларни ўқисангиз ўзгача завқ оласиз.
Форс тилининг жозибадорлиги, гўзаллиги ҳам бежиз эмас. У ҳам қадим империялар ва цивилизациялардан мерос бўлиб қолган тилдир. Шунингдек, жуда кўп илмий-адабий асарлар ҳам ушбу тилда битилган. «Форсий шакар аст» (Форс тили шакардек ширин) деган машҳур ибора ҳам бежиз пайдо бўлмаган. Ҳатто, шу номли роман ҳам бор Муҳаммад Али Жамолзода қаламига мансуб. Форсларнинг сўзлашувига қулоқ солсангиз худди ашула айтаётгандек, тасаввур пайдо бўлади. Чунки, сўзлари чиройли ва оддий сўзлашув ҳам маълум оҳанг ва ритмларга тушиб қолади, истар-истамас.
Рус тили доимий равишда янгиланиб, ривожланиб борувчи тил бўлганлиги учун ҳамда Россия империяси ҳам қайсидир маънода Британия империяси билан рақобатлашиб, кўп жойларни мустамлака қилганлиги ортидан рус тили жуда бойиб кетди. Боз устига, Россияда илм-фанга эътибор жуда кучли. Қаерда илм-фанга эътибор бўлса, ўша ернинг тили албатта кучаяди. Ушбу омиллар таъсирида рус тилининг фасоҳату балоғати ҳам ривожланиб, ёқимли тилга айланди.
Алишер Султонходжаев
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати