“Рисолатул мустаршидийн” асарининг муаллифи Ҳорис ибн Асад Муҳосибий мўминларга насиҳат ўлароқ қуйидаги гапларни айган. Таъкидлаш лозимки, бу насиҳатларга амал қилишга ҳар бир мўмин киши муҳтождир:
“Ниятингни текширгин, мақсадингни аниқлагин. Зеро, савоб олиш ниятга боғлиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқидир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади”.
Доимо Аллоҳга тақвода бўл! Зеро, “Мусулмон – одамлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир. Мўмин – одамлар унинг ёмонликларидан омонда бўлган кишидир”.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Аллоҳга итоат қилиш орқали Унга тақво қил, Аллоҳга тақво қилиш орқали Унга итоат қил, қўлларинг мусулмонларнинг қонидан, қорнинг уларнинг моли(ни ейиш)дан тилинг уларнинг обрўси(ни тўкиш)дан қўрқсин”.
Ҳар лаҳзада ўзингни ҳисоб-китоб қил. Ҳар нафасда Аллоҳни муроқаба қил (сени кўриб турганини ҳис қил).
Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб қилингиз, амалингиз (қиёмат куни) тарозида тортилишидан олдин уни ўзингиз тортингиз. Барча нарса ошкор бўладиган кундаги катта намойишга тайёргарлик кўрингиз”.
Дининг ҳаққида Аллоҳдан қўрқ, барча ишларингда Аллоҳдан умид қил, бошингга тушган мусибатга сабр қил.
Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Фақат гуноҳингдангина қўрқ, фақат Роббингдан умид қил. Билмайдиган одам то билиб олгунича сўрашдан уялмасин. Кимда-ким билмайдиган нарсаси ҳақида сўралса “Билмайман” дейишдан уялмасин”.
Билки, иймондаги сабрнинг ўрни жасаддаги бошнинг ўрни кабидир, бош кесилса жасад ҳам кетади. Обрўинг ҳаққида сени ғазаблантирадиган гапни эшитсанг, афв қил, ўтиб юбор. Албатта, бу мардлик ишлардандир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки Аллоҳдан қўрқса (ўч олиб) ғазабини қондирмайди, ким Унга тақво қилса, хоҳлаганини қилавермайди. Қиёмат куни бўлмаганда эди (вазият) сизлар кўриб тургандан бошқача бўларди”.
Ўзингни ҳимматинг (ёки ўзингни ғаминг, ишинг) билан шуғуллан! Бошқанинг айбини қўйиб, ўз айбингни тўғрилаш билан шуғуллан. Ахир айтиладику: “Кишининг кўзига ўз айби қолиб одамларнинг айби кўриниши ёки ўзи қилган ишда одамларга ғазаб қилиши ёки шеригига озор бериши ёки одамлар ҳақида беҳуда гапларни айтиши унга айб ўлароқ кифоя қилади”.
Юқорида ният ҳақида гап кетди. Шу ўринда ният ҳақида бироз тўхталиб ўтмоқчимиз. Ният – қалбнинг бирор нарсани қасд қилиши, уни қилиш ёки қилмасликка азм-у қарор қилишидир. Шайх Муҳаммад Ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ “Иъломул муваққиъийн”да айтадилар: “Ният – ишнинг боши, устуни, асоси, пойдевори ҳисобланади. Чунки у амалнинг руҳи ва етакчиси-да. Амал унинг кетидан эргашади, унинг устига бино қилинади. Ният дуруст бўлса амал ҳам дуруст бўлади, ният бузуқ бўлса амал ҳам бузуқ бўлади. Ният билан Аллоҳнинг тавфиқи, ёрдами келади, ният бўлмаса банда ёрдамсиз қолади. Ниятга қараб дунё ва охиратда даражалар бир-биридан фарқли бўлади”.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетобликларида ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳуга имом бўлиб, меҳробда намозга ўтиб беришни буюрдилар. Абу Бакр жамоат билан намозни бошлаганларида масжидга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кириб келиб, намозга қўшилдилар. Набий Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларини пайқаган жамоат қўл силкиб, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳуни огоҳлантирмоқчи бўлишди. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу намозни давом эттиравердилар. Шундай қилишлари ҳам керак эди. Аллоҳ таолога ибодат этувчи ҳар бир киши ён-атрофга қарамаслиги, бошқа нарсаларга чалғимаслиги лозим. Аммо қўл силташлар тўхтамагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларини фаҳмладилар.
Юзларини қибладан бурмаган ҳолда ортга тисарила бошладилар. Биринчи сафга келганларида Расули Муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдинга силжиб, намозни давом эттирдилар. Салом берилгандан сўнг жамоага юзландилар. Намозда қўл кўтариш аёлларга хос хусусият эканлигини, агарда имомга бирор нарсани билдириш керак бўлса,"Субҳаналлоҳ" деб овоз бериш кераклигини айтдилар. Кейин: "Эй Абу Бакр, сенга ишора қилсам ҳам нима учун жойингда туриб, намозни давом эттиравермадинг?" дея сўрадилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Абу Қуҳофанинг ўғлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида намоз ўқиш ярашмайди", деб жавоб бердилар.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси