Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Ҳар бир мўмин билиши керак! (1 қисм)

15.05.2024   2685   3 min.
Ҳар бир мўмин билиши керак! (1 қисм)

“Рисолатул мустаршидийн” асарининг муаллифи Ҳорис ибн Асад Муҳосибий мўминларга насиҳат ўлароқ қуйидаги гапларни айган. Таъкидлаш лозимки, бу насиҳатларга амал қилишга ҳар бир мўмин киши муҳтождир:

“Ниятингни текширгин, мақсадингни аниқлагин. Зеро, савоб олиш ниятга боғлиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқидир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади”.

Доимо Аллоҳга тақвода бўл! Зеро, “Мусулмон – одамлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир. Мўмин – одамлар унинг ёмонликларидан омонда бўлган кишидир”.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Аллоҳга итоат қилиш орқали Унга тақво қил, Аллоҳга тақво қилиш орқали Унга итоат қил, қўлларинг мусулмонларнинг қонидан, қорнинг уларнинг моли(ни ейиш)дан тилинг уларнинг обрўси(ни тўкиш)дан қўрқсин”.

Ҳар лаҳзада ўзингни ҳисоб-китоб қил. Ҳар нафасда Аллоҳни муроқаба қил (сени кўриб турганини ҳис қил).

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб қилингиз, амалингиз (қиёмат куни) тарозида тортилишидан олдин уни ўзингиз тортингиз. Барча нарса ошкор бўладиган кундаги катта намойишга тайёргарлик кўрингиз”.

Дининг ҳаққида Аллоҳдан қўрқ, барча ишларингда Аллоҳдан умид қил, бошингга тушган мусибатга сабр қил.

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Фақат гуноҳингдангина қўрқ, фақат Роббингдан умид қил. Билмайдиган одам то билиб олгунича сўрашдан уялмасин. Кимда-ким билмайдиган нарсаси ҳақида сўралса “Билмайман” дейишдан уялмасин.

Билки, иймондаги сабрнинг ўрни жасаддаги бошнинг ўрни кабидир, бош кесилса жасад ҳам кетади. Обрўинг ҳаққида сени ғазаблантирадиган гапни эшитсанг, афв қил, ўтиб юбор. Албатта, бу мардлик ишлардандир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: Кимки Аллоҳдан қўрқса (ўч олиб) ғазабини қондирмайди, ким Унга тақво қилса, хоҳлаганини қилавермайди. Қиёмат куни бўлмаганда эди (вазият) сизлар кўриб тургандан бошқача бўларди.

Ўзингни ҳимматинг (ёки ўзингни ғаминг, ишинг) билан шуғуллан! Бошқанинг айбини қўйиб, ўз айбингни тўғрилаш билан шуғуллан. Ахир айтиладику: Кишининг кўзига ўз айби қолиб одамларнинг айби кўриниши ёки ўзи қилган ишда одамларга ғазаб қилиши ёки шеригига озор бериши ёки одамлар ҳақида беҳуда гапларни айтиши унга айб ўлароқ кифоя қилади”.

Юқорида ният ҳақида гап кетди. Шу ўринда ният ҳақида бироз тўхталиб ўтмоқчимиз. Ният – қалбнинг бирор нарсани қасд қилиши, уни қилиш ёки қилмасликка азм-у қарор қилишидир. Шайх Муҳаммад Ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ “Иъломул муваққиъийн”да айтадилар: “Ният – ишнинг боши, устуни, асоси, пойдевори ҳисобланади. Чунки у амалнинг руҳи ва етакчиси-да. Амал унинг кетидан эргашади, унинг устига бино қилинади. Ният дуруст бўлса амал ҳам дуруст бўлади, ният бузуқ бўлса амал ҳам бузуқ бўлади. Ният билан Аллоҳнинг тавфиқи, ёрдами келади, ният бўлмаса банда ёрдамсиз қолади. Ниятга қараб дунё ва охиратда даражалар бир-биридан фарқли бўлади”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   4933   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар