Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

124 ёшли кампирнинг ҳаёси

15.05.2024   1264   3 min.
124 ёшли кампирнинг ҳаёси

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаё қаeрда бўлмасин кишини бeзайди, чиркин сўз ҳар қаeрда кишини жирканч кўрсатади”, дедилар.

Ҳаё ҳаммада ҳам бўлиши шарт. Лекин аёллар яна ҳам муносиброқдир. Аёлларнинг ҳаммасига ҳаё муносиб, ёшларига яна ҳам чиройдир ҳаё. Кексаларга эса, ҳаё қилмаслик шармандаликдир.

1888 йилда туғилган фаластинлик Марям Ҳамдан Аммаш 124 ёшга етиб, франциялик 122 ярим йил умр кўрган Жанна Луиза Калман деган аёлнинг рекордидан ўтиб кетди.

Айтишларича, Марям буви тўрт босқич авлодини кўрган. Ҳатто унинг набиралари ҳам набира кўрган бобо бўлганлар. Бироқ шундай катта ёшига қарамай невара, эвара ва чевараларининг ҳар бирини яхши танир, уларнинг ҳаёти билан қизиқар эди.

Кекса онахон оқила ва доно бўлиб, бу катта оиланинг етакчиси эди. Ҳамма у билан маслаҳатлашар эди. Кампир беш маротаба ҳаж ва ўн марта умра қилган. Ёши катта бўлишига қарамай жуда ҳаракатчан эди. Бу муслима қария қишлоқда муҳтарам энага ва доя ҳам эди.

Марям бувининг набираси Маҳдий Ҳамдан Аммашнинг “Gulf News” рўзномасига айтишича, Гиннес гуруҳи Марям бувинининг олдига ўтган йил март ойида зиёрат қилгани келган ва Марям бувини рекордлар китобига ёзишни билдирган. Унинг айтишича, Гиннес гуруҳи намояндаси уни рекордлар китобига ёзиб бутун Ер юзида машҳур қилишини айтганида, онахон ундан сўради:

  • Мен шу билан бахтли бўламанми?

Рекордлар китоби вакили бу кутилмаган саволдан довдираб қолди ва бу нарса уни ва унинг оила аъзоларини бахтли қилиши мумкинлигини айтди. Онахон яна сўради:

  • Ёшингиз нечада?
  • Қирқ учга кирдим...
  • Мусулмонмисиз?

Ходим мусулмон эмаслигини эътироф этди.

  • Демак, Сиз ёшингиз катта бўлгани билан ҳақни ботилдан ажрата олмас экансиз. Ё ҳалиям ёшлик қиласиз ёки ақлингиз заифдир. Чунки “ўзи каби ўлажак инсонлар орасида машҳур бўлишдан бахтли бўласан” деган сўзга фақат ёш бола ёки ақли заиф кимсагина ишонади. Ваҳоланки бунинг орқасида ўз Холиқи ҳузурида шарманда бўлишлик ҳам бордир. Хўш мен қайси бирини танлай – бахти қаро, шарафсиз кимсалар орасида машҳур бўлишними ёки Оламлар Роббиси ҳузуридаги бахтиёр инсонлар орасида машҳурликними?

Гиннес ташкилоти намояндаси нима дейишни билмай қолди. Марям буви унга:

- Агар айтишга жавобингиз бўлмаса, боринг катта бўлиб ақл юрита бошлаганингизда ёнимга келарсиз. Мен эса сиз қайтиб келгунча ўлмай туришга ваъда бераман, деб ҳазиллашиб ҳам қўйди.

Шундай қилиб унинг ўғиллари ва набиралари Гиннес гуруҳи билан учрашишдан бош тортишди, чунки ойнаи жаҳонда кўрсатиш учун тасвирга тушириш чоғида бу аёл бошидан рўмолини ечиб қўйиши шарт қилинган эди.

Қизиғи шундаки, орадан етти ой ўтгач рекордлар китоби ходими Исломни қабул қилди. Бундан тўрт ойдан кейин эса Марям Ҳамдан вафот этди. Унга қадар эса кекса онахон билан бир неча маротаба учрашиб, анча вақт суҳбатлашишган.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия Арабистонида ўтказилаётган халқаро Қуръон танловида 133 давлат вакиллари иштирок этмоқда

10.08.2026   9807   2 min.
Саудия Арабистонида ўтказилаётган халқаро Қуръон танловида 133 давлат вакиллари иштирок этмоқда

Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи 7 август куни Макка шаҳридаги мусобақалар ўтказиладиган жойда 133 давлатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида бошланди.

ИҚНА "Минбар" газетасига таяниб хабар беришича, Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи бир кун аввал Маккадаги мусобақалар ўтказиладиган жойда бошланган ва финал босқичини Масжидул Ҳаромда ўтказиш учун замин тайёрлаган.

Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг саралаш босқичида ҳакамлар ҳайъатлари энг юқори аниқлик ва шаффофлик стандартларига риоя қилган ҳолда, Қуръон тиловати услублари ва қоидаларига ихтисослашган таниқли халқаро ҳакамлар гуруҳи назорати остида эркак ва аёл иштирокчиларнинг чиқишларини тинглаб, финал босқичига кимлар ўтишини аниқлади.

Танловнинг жорий босқичи 133 мамлакатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида ўтказилмоқда, улар беш тоифа: "Шатибия" усули бўйича етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.

Вазирлик ушбу глобал қуръоний тадбирнинг муваффақиятини таъминлаш учун электрон ҳакамлик тизимини жорий этиш, иштирокчиларни баҳолашда адолат ва аниқликни таъминлаш учун ташкилий ва кенг қамровли платформани яратиш, шунингдек, уларга турли хил хизматларни тақдим этиш каби барча имкониятларини ишга солишда давом этади.

Қирол Абдулазиз номидаги халқаро мусобақа дунёдаги энг йирик Қуръон мусобақаларидан бири ҳисобланиб, унинг умумий пул мукофотлари миқдори 10 миллион саудия риалидан ошади.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари