Мусулмон – пешонаси ярақлаган инсон. Чунки у ўзининг қанчалик ожиз, Холиқ таолонинг улуғлигини эътироф этган ҳолда бошини сажда қўйганидаги ҳузур-ҳаловатни туйиши катта неъматдир.
Мўминнинг ана шу сифати ояти каримада: “Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилардир” (Муъминун сураси, 2-оят), деб мақталади. Намозхоннинг доимо хушу билан бошини ерга қўйиши унинг пешонасида сажда изларининг пайдо бўлишига, бу белгилар дунё ва охиратда унинг пешонаси ярақлаганига, яъни танилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир...” (Фатҳ сураси, 29-оят).
Мўминларнинг шундай сифатлари Таврот ва Инжилда ҳам келган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзах Одам боласининг сажда изинигина емайди. Чунки Аллоҳ дўзахга сажда изини ейишни ҳаром қилган”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Имом Муслим ривоят қилган хадисда Савбон розияллоҳу анҳу бундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мени жаннатга киритадиган амал ҳақида сўрадим. У зот: “Кўп сажда қил, чунки сен Аллоҳ учун бир марта сажда қилсанг, Аллоҳ таоло бу билан сени бир даража юксалтиради ва сендан битта хатони ўчиради”, дедилар.
Демак, кўп сажда қилиш туфайли гуноҳлар ўчирилади.
Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул, вужудимизда сажда изларини барқарор айласин!
Руҳиддин АКБАРОВ
Яхшилар ёди
Муҳаммадлатиф домла дастлабки таълимни отаси Шайх мулла Олим раҳматуллоҳи алайҳдан ўрганиш баробарида у зотнинг дуоларини ҳам олишга муваффақ бўлган. Ана шу дуонинг шарофати билан у киши катта олим бўлиб етишди.
Мактабни олтин медаль билан тамомлаган устоз ҳарбий хизматдан қайтгач, Бухородаги Мир Араб мадрасасида, сўнгра Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олди. Ўша кезларда маъҳадга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мудир эди.
Муҳаммадлатиф домла институтни тугатгач, Бухородаги Мир Араб мадрасасига талабаларга сабоқ бериш учун юборилади. Кейинчалик яна Тошкентга қайтиб, маъҳадда мударрис бўлиб ишлайди. Ўша пайтда Тошкент ислом институтида эронлик, тожикистонлик ва афғонистонлик талабалар ҳам таълим олишган. Муҳаммадлатиф домла форс тилини яхши билгани учун чет эллик талабаларга шу тилдан дарс берган. Қаттиққўллиги боис айрим дангаса талабалар домланинг устидан шикоят қилишган.
Шикоят чет эллик талабалар номидан бўлгани учун Ташқи ишлар вазирлиги даражасигача чиққан. Табиийки, бу шикоят қаноатлантириш учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раҳбариятига топширилган. Идора раҳбарияти ректор Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга мурожаат қилиб, шикоят ёзилган қоғозни кўрсатган.
Шунда Шайх ҳазратлари муфтийга: “Талабаларнинг билмасдан ёзган шикоятлари сабабли тажрибали ўқитувчини ишдан олиш адолатдан эмас. Агар шундай қилинса, шикоятлар яна кўпайиши мумкин. Бунинг ўрнига Муҳаммадлатиф домланинг дарсини кузатиш учун махсус вакил тайинлайман. Агар вазият ростдан ҳам талабалар шикоят қилганидек бўлса, у домла бир кун ҳам ишламайди”, деган. Вакил дарсни кузатиб, ҳеч қандай эътироз йўқлигини ва домланинг талаби ўринли эканини айтади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси муфтийси бўлганида, Муҳаммадлатиф домла Тошкент ислом интитутига ректор этиб тайинланди. Икки уламо Ўзбекистонда диний таълимни тубдан ислоҳ қилишга, талабалар сонини кўпайтиришга ва халқимиз ўртасида диний таълимни кенг ёйишга ҳаракат қилади.
Шайх ҳазратларига ўша пайтларда туҳматлар бўлди ва бу туҳматлардан Муҳаммадлатиф домла ҳам бенасиб қолмади. Иккала уламо ишдан бўшашга мажбур бўлишди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари чет элга чиқиб кетди. Муҳаммадлатиф домла эса “Кўкалдош” мадрасасида ўқитувчи ва “Тўхтабойвачча” жоме масжидига имом бўлиб ишга кирди. Лекин туҳматлар тинмади. Оқибатда домла Россиянинг Қозон шаҳрига кетиб, у ердаги ислом университетига ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Кейинчалик Чеченистоннинг президенти Аҳмад Қодировнинг таклифига биноан Грозний шаҳридаги ислом университетига мударрис бўлди.
Муҳаммадлатиф домла сарф ва наҳв илмини яхши билиш баробарида фиқҳ, тафсир ва бошқа илмларни пухта ўзлаштирди. “Кофия”ни ёд олди. Талабаларга шу фанлардан ёддан дарс ўтар эди. Шу боис у киши илм аҳли орасида “Абу наҳв”, яъни наҳв илмининг отаси, дея танилди.
Муҳаммадлатиф домла Чеченистонда дарс бериб юрган пайтларида 57 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Домладан шогирдлари: “Каломуллоҳни кексайган чоғингизда ёдлашингизнинг боиси нима?” деб сўрашганида, у киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қуръон соҳиби жаннатга кирганида унга: “Ўқи ва кўтарил!” дейилади. Бас, у ўқийди ва ҳар бир оятни ўқиганида бир даража юқорилайди. (Қуръондан) охирги нарсани ўқигунича шундай бўлади” (Ибн Можа ривояти), деган ҳадислари менга қаттиқ таъсир қилди. Кўплаб талабаларга сабоқ бердим. Уларнинг кўпи Қуръони каримни тўлиқ ёд олишди. Мен, иншоаллоҳ, Аллоҳнинг инояти билан жаннатга кирсам, Қуръони каримни ёдламаганим учун беҳиштнинг қуйида қолиб кетишни хоҳламайман», деган.
Аллоҳ таоло марҳум устозимизнинг охиратларини обод қилсин. Ниятларига яраша жаннатнинг энг олий даражаларидан насиб қилсин.
Толибжон НИЗОМ