Аллоҳ сенга раво кўрганига рози бўл! Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ сенга тақсимлаб қўйганига рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан. Аллоҳ сенга ҳаром қилган нарсалардан четлан, одамларнинг энг тақводори бўласан. Аллоҳ сенга фарз қилган нарсаларни тўкис адо эт, одамларнинг энг обиди бўласан”.
Сенга энг меҳрибон бўлган Зот устидан сенга раҳм қилмайдиганларга шикоят қилма! Аллоҳдан ёрдам сўра, Аллоҳга таян, шунда Унинг хос бандаларидан бўласан!
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтадилар: “Одамларнинг қўлидаги нарсадан умидингни бутунлай уз, зотан шу ҳақиқий бойликдир. Таъмагирликдан, ҳожатларингни одамлардан сўрашдан сақлан, зеро, бу айни фақирликдир. Намоз ўқисанг охирги намозингни ўқиётгандек ўқи!”.
Энди бу ҳақда салафларнинг ҳаётидан намуналарни келтириб ўтсак:
Заҳабийнинг “Тазкиротул ҳуффоз” китобида буюк пешволардан бири Имом Мансур ибн Зозон Ас-Сақафий Ал-Воситий (131-ҳижрий йилда вафот этган) раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида бундай дейди: “Шогирди Ҳушайм айтади: У кишига фаразан: “Ўлим фариштаси эшик тагида турибди, дейилса ҳам амалида зиёдалик бўлмасди” (яъни шундоқ ҳам ўлими яқин одамдек амал қиларди).
У китобда яна Имом Мансур ибн Мўтамир Ас-Суламий Ал-Куфий (132-ҳижрий йилда вафот этган) раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида бундай келади: “Унинг шогирди Суфён Саврий айтади: Агар (устозим) Мансурни намоз ўқиётганини кўрсангиз (шунчалик хушуъ билан ўқиётганидан) ҳозир ўлиб қолса керак, деб ўйлайсиз. Унинг яна бир шогирди Зоида ибн Қудома айтади: Мансур қирқ кун рўза тутди, қирқ тун қоим бўлиб, туни бўйи йиғларди, тонг отса кўзига сурма суриб, чеҳрасини очиб, бошини ёғлаб чиқарди. Онаси уни кўп йиғлаганини, қўрқувини, Аллоҳ таолога узоқ ибодат қилганини кўриб, одам ўлдириб қўйдингми (бунчалар тавба-тазарруъ қиласан)? – деди. Шунда у айтдики: “Нафсим нима қилганини ўзим биламан!”.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:
Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;
Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;
Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати