Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Ҳар бир мўмин билиши керак! (2 қисм)

16.05.2024   3872   2 min.
Ҳар бир мўмин билиши керак! (2 қисм)

Аллоҳ сенга раво кўрганига рози бўл! Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: Аллоҳ сенга тақсимлаб қўйганига рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан. Аллоҳ сенга ҳаром қилган нарсалардан четлан, одамларнинг энг тақводори бўласан. Аллоҳ сенга фарз қилган нарсаларни тўкис адо эт, одамларнинг энг обиди бўласан.

Сенга энг меҳрибон бўлган Зот устидан сенга раҳм қилмайдиганларга шикоят қилма! Аллоҳдан ёрдам сўра, Аллоҳга таян, шунда Унинг хос бандаларидан бўласан!

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтадилар: “Одамларнинг қўлидаги нарсадан умидингни бутунлай уз, зотан шу ҳақиқий бойликдир. Таъмагирликдан, ҳожатларингни одамлардан сўрашдан сақлан, зеро, бу айни фақирликдир. Намоз ўқисанг охирги намозингни ўқиётгандек ўқи!”.

Энди бу ҳақда салафларнинг ҳаётидан намуналарни келтириб ўтсак:

Заҳабийнинг “Тазкиротул ҳуффоз” китобида буюк пешволардан бири Имом Мансур ибн Зозон Ас-Сақафий Ал-Воситий (131-ҳижрий йилда вафот этган) раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида бундай дейди: “Шогирди Ҳушайм айтади: У кишига фаразан: Ўлим фариштаси эшик тагида турибди, дейилса ҳам амалида зиёдалик бўлмасди” (яъни шундоқ ҳам ўлими яқин одамдек амал қиларди).

У китобда яна Имом Мансур ибн Мўтамир Ас-Суламий Ал-Куфий (132-ҳижрий йилда вафот этган) раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида бундай келади: “Унинг шогирди Суфён Саврий айтади: Агар (устозим) Мансурни намоз ўқиётганини кўрсангиз (шунчалик хушуъ билан ўқиётганидан) ҳозир ўлиб қолса керак, деб ўйлайсиз. Унинг яна бир шогирди Зоида ибн Қудома айтади: Мансур қирқ кун рўза тутди, қирқ тун қоим бўлиб, туни бўйи йиғларди, тонг отса кўзига сурма суриб, чеҳрасини очиб, бошини ёғлаб чиқарди. Онаси уни кўп йиғлаганини, қўрқувини, Аллоҳ таолога узоқ ибодат қилганини кўриб, одам ўлдириб қўйдингми (бунчалар тавба-тазарруъ қиласан)? – деди. Шунда у айтдики: Нафсим нима қилганини ўзим биламан!”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   14058   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар