Табиат покизалиги шу даврларга қадар ҳам эътиборга олинган. Айниқса табобатда тоза ҳаво, покиза муҳит кўплаб хасталикларга даво экани алоҳида таъкидланган. Табиатнинг булғаниши эса, соғликка ҳам зарар, тараққиётга ҳам зиён келтиради.
Бугунги кунда бутун Ер юзасидаги аҳолини ташвишга солаётган муаммо – экология муаммоси ҳам динимиз таълимотларига амал қилиш орқалигина ижобий ҳал бўлиши мумкин. Чунки Ислом таълимотларида бу соҳага анчагина эътибор қаратилган.
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайиҳи васаллам бизга йўлларни, кўчаларни озода тутиш, йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлашга буюриб, бу иш садақанинг бир тури эканини таъкидлаганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Йўлдан азият берувчи нарсанинг олиб ташлашингиз ҳам – садақадир” (Имом Бухорий ривояти).
Йўлларни ифлос қилмаслик, унга чиқиндилар, пўчоқлар, ичимлик суви идишлари ва шуларга ўхшаш нарсаларни ташламаслик – динимизнинг талабидир. Зотан, бизнинг динимиз таълимотида поклик иймондан экани қатъий таъкидланган.
Инсон уз уйига қандай этибор берса, атрофга хам шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзи инсонлар учун маскандир. Ҳаётимизда шу ер устида яшаётган булсак, вафот этганимиздан кейин шу ер бағрида ётамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўлган бу ерни обод қилиш, ўзимиз учун фойдадир.
Атрофимизни турли зарарли нарсалардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва аҳлимизнинг ҳаётини сақлаган бўламиз. Мисол учун, инсон вужудидаги қон тоза бўлса, одам соғлом бўлади. Агар қонга бирор зарарли модда аралашса, инсон ҳаёти хавф остида қолади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Мен учун ернинг ҳаммаси сажда қиладиган жой ва покловчи қилиб берилди”, деганлар (Имом Баззор ривояти).
Бунга қараганда кимки ерни ноўрин ҳолатда булғаса, сажда ўринларини булғади демакдир. Мўмин инсон эса, ундай иллатдан узоқ бўлади.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати