بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين
لا حول و لا قوة إلا بالله
Динимизнинг асосий йўналиши насиҳатдан иборатдир. Бу ҳақда Тамим Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни кўришимиз мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дин насиҳатдир”, дедилар. Сўрадилар: “Ким учун?”. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).
Амри маъруф ва наҳйи мункар имкони бор ҳар қандай мусулмонга фарз. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, албатта яхши ишга буюрасиз ва, албатта мункар ишдан қайтариб турасизлар. Ёки бўлмаса тўсатдан Аллоҳ устингизга уқубат (жазо)ни юборадики, сўнгра дуо қилсаларингиз ҳам ижобат бўлмай қолади” (Имом Термизий ривояти).
Мазкур насиҳат аввало оиладан бошланиши керак. Бироқ оила бошлиғи бўлмиш отанинг ўзида одоб бўлмаса, амал бўлмаса, илм ва маърифат бўлмаса, қандоқ қилиб ҳам насиҳат қилсин?
Шунинг учун тарбияни аввало ўзимиздан бошлашимиз керак. Биз ўзимизни ислоҳ қилмас эканмиз, бошқаларга нима ҳам дея олардик?
Оила бошлиғи бир эркак сифатида тирикчилик ишларини адо қилиб, оила учун, бола тарбияси учун ҳам вақт ажратмас, уларнинг устидан зимдан назорат қилиб турмас экан, бундай оилада вояга етган фарзанддан нимани кутиш мумкин?
Кейинги навбат қариндош-уруғларни ҳам вақти-вақти билан тартибга солиб туришдир. Зеро, уларнинг жавобгарлиги ҳам бизнинг зиммамиздан соқит эмаслигини унутмаслик керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун башариятга, наинки башариятга, балки жинларга ҳам пайғамбар бўлиб юборилган бўлсалар-да, Аллоҳ таоло у зотга хитоб қилиб қариндошларни огоҳлантиришни алоҳида таъкидлаган: “Яқин қариндошларингни огоҳлантир” (Шуъаро, 214).
Ана энди навбат бутун жамият аъзоларига келади. Шу юртдаги, шу заминдаги, шу жамиятдаги болалар тарбияси учун ҳам масъулмиз. Бу масалага шариатимиз кўрсатмаларида эътибор юқори бўлган.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ