Сарлавҳани ўқиб, никоҳ ҳам ибодат бўлиши мумкинми, дейишга шошилманг. Биз ибодат деганда фақат намоз ўқишни, рўза тутишни, ҳаж қилишни тушуниб қолганмиз. Аслида, ибодатнинг қамрови кенг. Холис Аллоҳ учун қилинган ҳар бир амал ибодатдир.
Оила қадр-қиммат, меҳр-оқибат, яхшилик, эзгулик, инсоф-диёнат, тўғрилик ўргатиладиган, минг йиллик урф-одатларимиз илдиз отадиган ажойиб гўшадир. Оилада болалар тарбияланади, диний қадриятлар улуғланади. Бир сўз билан айтганда, бу маскан инсон камолотида муҳим ўрин тутади.
Муқаддас динимиз таълимоти биз мўмин-мусулмонларга соғлом эътиқодни, ибодатларни адо этиш тартибини ўргатиш билан бирга, муомалот маслаларида ҳам ўзининг илоҳий кўратмаларини берган.
Аллоҳ таоло пайғамбарлар орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунларни жорий қилган. Оила қуриш Исломдан аввал ҳам бўлган, лекин оилада эрнинг ва аёлнинг ҳуқуқлари ва масъулиятлари тўлиқ кўрсатиб берилмаган. Ислом келгач, бу масала ҳам ҳал этилди.
Аллоҳ таоло барча мавжудотларни жуфт-жуфт қилиб яратди. Бу ҳақда Рум сурасида марҳамат қилади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (21-оят).
Жамиятнинг шоҳасари бўлган оила қуришга тайёрланиш, никоҳ қуриб, умматнинг сафини кенгайтириш йўлида елиб-югуриш ҳам ибодатдир. Намозимиз мукаммал бўлиши учун, аввало, таҳоратни тўлиқ қилиш керак. Рўзамиз тўкис бўлиши учун нафсимизни тийганимиз каби никоҳимиз барқарор бўлиши учун оила илмини билишимиз керак.
Одам вафот этса, ҳамма иши тўхтайди. Илло, никоҳ жаннатда ҳам давом этади. “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”, дейилади “Дуррул мухтор” китобининг “Никоҳ” фаслида.
Шундай экан, оилага, турмуш қуриш масаласига панжа орасидан қарамаслик керак. Бу масалага беэътибор бўлган жамият таназзулга маҳкум эканини статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди.
Дунё миқёсида Бельгия 70 фоиз ажрим билан оилаларнинг барбод бўлиши бўйича биринчи ўринда, Чили 3 фоиз ажрим билан охирги ўринда турибди. Юртимизда ҳам оилавий ажримлар кўпаяётганини кишини ташвишга солади.
Ота-оналар фарзандини ёш, одоб-ахлоқ жиҳатидан оила қуришга тайёр эканига қаноат ҳосил қилишлари, сўнг никоҳдан ўтказишлари шарт. Умр савдоси бўлган никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ҳамда кенгаш билан амалга оширилгани маъқул. Зеро, ҳадиси шарифда: “Қизларни турмушга бериш борасида оналари билан маслаҳатлашинглар”, дейилган.
Эрта никоҳ ҳам қатъий қораланади. Қизларнинг жуда ёш турмушга чиқишлари ҳақида ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Шубурма ва Баттийлар мутлақо салбий фикр билдиришган. Ислом шариатида хотин-қизларни ҳам илм-маърифатли, ҳаётида зарур бўладиган маълумотларга эга бўлишларига ундовчи ҳадислар кўп. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарз”, дея марҳамат қилганлар.
Балоғат ёши – бу камолот ёши эмас. Бунинг устига ҳозирги давр талаби ҳам бутунлай ўзгача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотига кўра, илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур кўникмаларни ўрганиш ҳар бир аёлга фарздир. Булардан олдин турмушга чиққан қизнинг ўқишлари сустлашгани, оила юмушларида қийналгани, эпсиз уй бекаси ҳамда бўлажак фарзандларнинг тарбияси ишончсиз қўлларда қолганининг гувоҳи бўлинади. Илмли, касб-ҳунарли аёлгина фарзандини яхши инсон қилиб тарбиялай олади.
Хуллас, никоҳ ва оила қуриш жуда катта масъулият ва ибодатдир. Бежиз Мирзо Кенжабек:
Агар жуфти ҳалол бирла кўнгилхушлик этар бўлсанг,
Фалак шоҳид, малак ҳозир, бу суҳбат ҳам ибодатдир.
Бу Исломдир, бутун умринг ибодат ҳолига келгай,
Ва огоҳлик билан ўтган шу фурсат ҳам ибодатдир, демаган.
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Ота – оиланинг суянчи, фарзанднинг қалқони, жамиятнинг устуни. Фарзанд тарбияси – бу фақат онанинг эмас, балки отанинг ҳам вазифасидир. Чунки оила икки қанот, соғлом бўлсагина, тўғри парвоз эта олади. Аллоҳ таоло каломида бундай дейди: “Эй мўминлар, ўзларингизни ва оилангизни дўзах ўтидан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оятдан маълумки, Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмон эркакни ўз оиласи, хусусан, фарзандлари учун жавобгар қилиб қўйган. Уларнинг маънавий-ахлоқий даражада юксак бўлиши бир томондан отанинг ҳам вазифасидир.
Ота – оиланинг имомидир, у намоздаги имомдек, оиласини тўғри йўлга бошлаши керак. Чунки бир жиҳатдан, оятда зикр этилганидек, улар аёлларга ҳам раҳбардирлар, ўз ҳукмронлиги мустаҳкам бўлган оилада, албатта, фарзандлар ҳам ақлли, фаросатли бўлиб етишади. Ёш боланинг қалби оппоқ саҳифага ўхшайди. Ота бу саҳифага қандай сўзлар ёзса, фарзанднинг келажаги шунга кўра шаклланади. Демак, болага иймон, ҳалоллик, сабр, меҳр-оқибат, фидойилик каби фазилатларни бериш отанинг биринчи навбатдаги бурчидир.
Афсуски, айрим оталар фарзандининг жисмоний таъминотини қилиб, ахлоқий ва маънавий тарбиясини унутмоқда. Меҳрсиз гўзал оқибат шаклланмайди. Фарзандга янги телефон, кийим олиш эмас, уни намозга ўргатиш, ҳалол-ҳаромни англатиш, Аллоҳ севгисини юрагига солиш муҳимроқ. Чунки бола ота нима қилса, ўша йўлдан юради. Болалар оталарини ўзларига “қаҳрамон” сифатида танлашади. Ота тонгда бомдодга турса, фарзанд ҳам тонгда уйғонишни ўрганади. Ота ҳалол меҳнат қилса, фарзанд ҳалолликни қадрлайди. Фарзандлар оталарнинг виждони, уларнинг пок эътиқод натижасидир.
Ота – ўз ҳаёти билан дарс берадиган инсон. Ислом оламининг етук намояндаси Фотима Самарқандиянинг отаси – буюк муҳаддис ва фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг ўзаро муносабатларида кўрамиз. Фотима Самарқандия ёшлигидан илм ўрганди. Отаси уни нафақат дунё илмларига, балки Қуръон, фиқҳ ва ҳадисга ошно қилди. Фотима илмда отасининг энг яқин шогирди, ҳаётда эса энг содиқ ёрдамчиси эди. Устоз сифатида отаси уни буюк аллома сифатида тарбиялади. Отаси унга ўз қўли билан фиқҳий масалалар ёзилган дафтарини ишониб топширган. Бу нафақат илмий ишонч, балки оталик эътибори ва муҳаббатининг ёрқин белгиси эди.
Фарзандингиз сизга Аллоҳнинг омонати. Уни фақат дунёвий эмас, ахлоқий ва диний тарбия билан ҳам бойитинг. Ҳар бир ўргатган дуоингиз, ҳар бир қилган меҳрибонлигингиз, ҳар бир амалингиз – сиз учун садақаи жориядир. Бу дунёдан ўтганингиздан сўнг ҳам сизга ажр бўлиб қайтаверади. Унутманг, яхши фарзанд бу – отанинг энг буюк меросидир.
Маҳфуза БОЗОРОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан