Сарлавҳани ўқиб, никоҳ ҳам ибодат бўлиши мумкинми, дейишга шошилманг. Биз ибодат деганда фақат намоз ўқишни, рўза тутишни, ҳаж қилишни тушуниб қолганмиз. Аслида, ибодатнинг қамрови кенг. Холис Аллоҳ учун қилинган ҳар бир амал ибодатдир.
Оила қадр-қиммат, меҳр-оқибат, яхшилик, эзгулик, инсоф-диёнат, тўғрилик ўргатиладиган, минг йиллик урф-одатларимиз илдиз отадиган ажойиб гўшадир. Оилада болалар тарбияланади, диний қадриятлар улуғланади. Бир сўз билан айтганда, бу маскан инсон камолотида муҳим ўрин тутади.
Муқаддас динимиз таълимоти биз мўмин-мусулмонларга соғлом эътиқодни, ибодатларни адо этиш тартибини ўргатиш билан бирга, муомалот маслаларида ҳам ўзининг илоҳий кўратмаларини берган.
Аллоҳ таоло пайғамбарлар орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунларни жорий қилган. Оила қуриш Исломдан аввал ҳам бўлган, лекин оилада эрнинг ва аёлнинг ҳуқуқлари ва масъулиятлари тўлиқ кўрсатиб берилмаган. Ислом келгач, бу масала ҳам ҳал этилди.
Аллоҳ таоло барча мавжудотларни жуфт-жуфт қилиб яратди. Бу ҳақда Рум сурасида марҳамат қилади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (21-оят).
Жамиятнинг шоҳасари бўлган оила қуришга тайёрланиш, никоҳ қуриб, умматнинг сафини кенгайтириш йўлида елиб-югуриш ҳам ибодатдир. Намозимиз мукаммал бўлиши учун, аввало, таҳоратни тўлиқ қилиш керак. Рўзамиз тўкис бўлиши учун нафсимизни тийганимиз каби никоҳимиз барқарор бўлиши учун оила илмини билишимиз керак.
Одам вафот этса, ҳамма иши тўхтайди. Илло, никоҳ жаннатда ҳам давом этади. “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”, дейилади “Дуррул мухтор” китобининг “Никоҳ” фаслида.
Шундай экан, оилага, турмуш қуриш масаласига панжа орасидан қарамаслик керак. Бу масалага беэътибор бўлган жамият таназзулга маҳкум эканини статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди.
Дунё миқёсида Бельгия 70 фоиз ажрим билан оилаларнинг барбод бўлиши бўйича биринчи ўринда, Чили 3 фоиз ажрим билан охирги ўринда турибди. Юртимизда ҳам оилавий ажримлар кўпаяётганини кишини ташвишга солади.
Ота-оналар фарзандини ёш, одоб-ахлоқ жиҳатидан оила қуришга тайёр эканига қаноат ҳосил қилишлари, сўнг никоҳдан ўтказишлари шарт. Умр савдоси бўлган никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ҳамда кенгаш билан амалга оширилгани маъқул. Зеро, ҳадиси шарифда: “Қизларни турмушга бериш борасида оналари билан маслаҳатлашинглар”, дейилган.
Эрта никоҳ ҳам қатъий қораланади. Қизларнинг жуда ёш турмушга чиқишлари ҳақида ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Шубурма ва Баттийлар мутлақо салбий фикр билдиришган. Ислом шариатида хотин-қизларни ҳам илм-маърифатли, ҳаётида зарур бўладиган маълумотларга эга бўлишларига ундовчи ҳадислар кўп. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарз”, дея марҳамат қилганлар.
Балоғат ёши – бу камолот ёши эмас. Бунинг устига ҳозирги давр талаби ҳам бутунлай ўзгача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотига кўра, илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур кўникмаларни ўрганиш ҳар бир аёлга фарздир. Булардан олдин турмушга чиққан қизнинг ўқишлари сустлашгани, оила юмушларида қийналгани, эпсиз уй бекаси ҳамда бўлажак фарзандларнинг тарбияси ишончсиз қўлларда қолганининг гувоҳи бўлинади. Илмли, касб-ҳунарли аёлгина фарзандини яхши инсон қилиб тарбиялай олади.
Хуллас, никоҳ ва оила қуриш жуда катта масъулият ва ибодатдир. Бежиз Мирзо Кенжабек:
Агар жуфти ҳалол бирла кўнгилхушлик этар бўлсанг,
Фалак шоҳид, малак ҳозир, бу суҳбат ҳам ибодатдир.
Бу Исломдир, бутун умринг ибодат ҳолига келгай,
Ва огоҳлик билан ўтган шу фурсат ҳам ибодатдир, демаган.
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида Қуръони карим оятларининг тафсирлари ва фазилатларини баён қилиб берганлар. Шунга кўра муҳаддис уламолар ўз асарларига “Тафсир китоби” ва “Қуръон фазилатлари китоби” номи остида шу мавзуга оид ҳадисларни келтиришган.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳи Бухорий” асарида “Китаб ат-Тафсир”, яъни “Тафсир китоби” деган алоҳида бўлим қилиб, унда тафсирга оид ҳадисларни келтирган. Шунингдек, у киши билан бир даврда яшаган Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳи Муслим” асарида ҳам “Китаб ат-Тафсир”, яъни “Тафсир китоби” номли саккизта бобдан иборат кичик бўлим ажратилган. Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзининг “Жомеъ ат-Термизий” асарида “Китабу тафсир ал-Қуръан” яъни, “Қуръон тафсири китоби” деган ном остида Қуръони каримнинг баъзи оятлари тафсири ҳақидаги ҳадисларни келтирган.
Имом Насоий раҳматуллоҳи алайҳ “Сунан ал-Кубро” асарида “Китабут тафсир” номи билан тафсирга оид ҳадисларни келтирган. Шунингдек, ҳадис асарларида “Қуръон фазилатлари китоби” номи остида шу мавзуга оид ҳадисларни келтиришган. Жумладан, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Саҳиҳул Бухрий асарида “Китабу фазоилил Қуръан”, “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимини ва Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзининг Жомеъ ат-Термизий асарида “Китабу фазоилил Қуръан”, “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимини келтиришиб, унда Қуръони карим сураларининг фазилатига оид ҳадисларни баён қилишган. Жумладан, Фалақ ва Нас суралари ҳақида ҳам кўп ҳадиси шарифлар ворид бўлган бўлиб, уларни қисқача баён қиламиз.
Сураларнинг номланиш сабаби
Нас сурасининг биринчи ояти “Қул аъузу бироббин наас” (Одамлар Роббисидан паноҳ сўрайман) ояти билан бошланган. “Нас” сўзи бу оятда беш марта зикр қилинган. Шу эътибордан бу сура “Нас” деб номланган. “Нас” сўзи “одамлар”, деган маънони англатади.
Фалақ сурасига ўзининг биринчи оятидаги “фалақ” сўзи ном бўлиб қолган. “Фалақ” сўзи луғатда “ёриш маъносини билдиради. Бу сурада “Фалақ” сўзи субҳ-тонг маъносида келган. Тонг кечани ёриб бошлагани учун шу ном билан ҳам аталади.[1]
Бу икки сура биргаликда “Муъаввизатайн”, “Икки паноҳ сўровчи” деб номланади. Чунки, икки сура ҳам “аъузу” (паноҳ сўрайман) сўзи билан бошланади.
Сураларнинг фазилати
Ҳадиси шарифларда ушбу сураларнинг фазилати баён қилинган бўлиб, улар қуйидагилардир:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлиб қолсалар, ўзларига муъаввизотни ўқиб, дам солар эдилар. (Вафотларидан олдинги) оғриқлари кучайганда эса мен ўзим у зотга ўқиб, баракотидан умид қилиб, ўз қўллари билан силар эдим” (Имом Бухорий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётганларида икки кафтларини жамлаб, уларга “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббиннас” ларни ўқиб, дам солиб, баданларининг (қўллари) етган жойигача силар эдилар. Аввал бошлари ва юзларидан бошлардилар. Кейин баданларининг олд тарафига (ўтардилар). Буни уч марта қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашдим, ваҳоланки у зот уловда эдилар. Икки қўлимни у зотнинг икки оёқларига қўйиб: “Менга Юсуф сурасини ўқитинг”, дедим. Шунда у зот: “Сен Аллоҳнинг ҳузурида “Қул аъузу бироббил фалақ” дан кўра етукроқ бирор нарсани ҳаргиз ўқий олмайсан”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Абдуллоҳ ибн Хубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечга киришингда ҳам, тонгга киришингда ҳам “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ва “муъаввизатайн” ни уч марта ўқи, (шунда) у сенга ҳар бир нарсадан кифоя қилади”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Жуҳфа ва Абво орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриб борардим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”, билан паноҳ сўрай бошладиларда: “Эй Уқба, иккови билан паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи икковичалик нарса билан паноҳ тиламаган”, дедилар.Сўнгра у зотдан бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим” (Имом Абу Довуд ривояти).
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Хулоса қилиб айтганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида Қуръони карим оятларининг тафсирлари ва фазилатларини баён қилиб берганлар. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръоннинг маъноларини муфассал ва мукаммал тушунганлар. У Зотга Қуръонни ёдлатиш ва маъноларини тушунтириш кафолатини Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир” (Қиёмат сураси, 17-19-оятлар).
Саҳобаи киромлар Қуръони каримни тафсир қилишда бирор муаммога дуч келсалар, дарҳол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оятларнинг махфий, нозик жойларини тушунтириб берардилар. Чунки у Зотнинг асосий вазифалари шу эди. Аллоҳ таоло ояти каримасида шундай деган:
“Ва сизга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик. Шоядки тафаккур қилсалар” (Наҳл сураси, 44-оят).
Шунга кўра у зот Қуръони карим маъноларини ўз ҳадисларида баён қилиб берганлар.
Шокиржон МАДАМИНОВ
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. Олтинчи жуз. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. Тошкент-2008. – Б.565.