Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Июн, 2026   |   3 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:03
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:45
Bismillah
18 Июн, 2026, 3 Муҳаррам, 1448

Кексалик учун захира ҳозирлаганмисиз?

20.05.2024   599   3 min.
Кексалик учун захира ҳозирлаганмисиз?

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين

لا حول و لا قوة إلا بالله

Халқимиз қонига сингиб кетган фазилатлар ичида бир фазилат борки, у ҳамма миллатларда ҳам топилавермайди. Тўғрироғи топилса ҳам бизнинг элатимиз каби жилоланмагай. Яъни ёшлар билан катталар ўрасидаги муносабатда ҳар қандай юрт ва элатда ҳам ёши улуғларни ҳурмат қилиш таълимоти бор эса-да, ўзбекона эҳтиром ўзгача.

Бироз муболаға дерсиз, бироқ ҳаётимизга синчиклаб назар солсангиз, ўзидан бир неча ёш кичикларга катталар юқоридан туриб виқор билан баландпарвоз муносабатда бўлишига қандай ҳам таъриф бера оласиз?

Бу фазилат бизга ота-боболаримиздан динимиз таълимотлари ўлароқ мерос қолган. Муқаддас Ислом дини таълимотларида кексаларни ҳурмат ва икром қилишликка тарғиб қилинади. Уларнинг мартабалари Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам, бутун башарият ва жамият олдида ҳам эъзозланади.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сочига оқ тушган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир” (Имом Табароний ривояти).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривояти қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизнинг олдингизга бир қавмнинг каттаси келса уни икром қилинглар” (Табароний ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда фикримизнинг исботи яққол кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Яхшилик (бошқа ривоятида: барака) катталарингиз билан биргадир” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Дарҳақиқат, кексалари бор хонадонда барака бўлади. Буни эса, кўпинча улар ўтиб кетганларидан кейин сезамиз. Бизнинг назаримизда улар ҳеч қандай ишга ярамай қолгандек туюлса-да, оиламизда борлигининг ўзи ҳам катта давлат.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, баъзи ёши катталар ёшларнинг беодоблиги ва катталарни ҳурмат қилмасликларидан нолиб қолишади. Лекин эътибор бериб қарасангиз, уларнинг ўзлари ёшларига яраша ахлоқда эмаслар. Ҳурматга сазовор бўлиш учун ёши ўтиб қолса ҳам аввалгидек кўнгил кўчаларида кезавермасдан тавба ва ахлоқ-одоб йўлини тутмоқ керак. Акс ҳолда ҳазрат Алишер Навоий таъбири ила айтганда ўзи кексайиб қолсаю, ёшларнинг қилиғини қилса, у одам гўёки қуриган дарахтга латталарни илиб қўйиб шу дарахт кўкариб турибди деган кабидур.

Шунингдек кексайганда ҳурмат топишни хоҳлаган инсон ёшлигида катталарни ҳурмат қилиб олиши керак. Зеро, ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёш йигит кексани ҳурмат қилар экан, Аллоҳ унга ҳам кексалигида ҳурмат қиладиганини тақдир қилиб қўюр”, деганлар.

Бу насиҳат доимо ёшларнинг ёдида бўлмоғи лозим. Ҳолбуки, ҳадемай кексайиб қолиши бор. Токи ўшанда надомат қилмасин. Бугун имкони борида кексалик учун захира ҳозирлаб олсин.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳамдардлик билдирамиз

18.06.2026   945   1 min.
Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш маркази ходими Қудратуллоҳ Умрзоқовнинг бувиcи Ҳалимахон онанинг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.


Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига хусусан, Қудратуллоҳ Умрзоқовга ҳамдардлик билдиради.

Жаноза намози бугун аср намозидан сўнг Андижон шаҳар, Бўстон маҳалласидаги (Адҳам сомса кафеси олдидан кирилади) марҳуманинг хонадонида ўқилади.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон янгиликлари