Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мусулмон инсон мусулмондан фикридаги бироз ўзгачалик, эътиқодидаги арзимас фарқлилик туфайли нафратланмайди. Шу билан унинг обрўсини тўкиб, ҳурматини оёқости қилмайди. Адоват қилмайди. Тарк этмайди. Балки, унга соҳиб чиқади. Ҳикмат ва гўзал сўзлар билан ўзи тўғри деб билган нарсага чақиради. Ҳаққига дуолар қилади.
Муғира ибн Миқсам Заббий айтади: "
«Бир одам бор эди. Динда яхши ҳолатда эди. Бир куни бидъатга аралашиб қолди ёхуд қайсидир гуноҳни содир этди. Шунда унинг дўстлари ва атрофидагилар уни ўзларидан узоқлаштириб, ундан воз кечиб юбордилар. Бу воқеа Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳнинг қулоғига етиб борган эди, унинг дўстларига: «Унга етишинг, насиҳат қилинг ва асло ўз ҳолига ташлаб қўйманг!», деди. («Ҳилятул авлиё» 4-жилд, 232-бет).
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Мўмин сатр қилади, ваъз ва насиҳат қилади. Фожир эса фош қилади, шарманда ва овоза қилади» («Ҳилятул авлиё» 8-жилд, 95-бет).
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ дедилар:
«Яхшиликка юмшоқлик билан буюр. Агар қабул қилса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтасан. Бордию қабул қилмаса, яна ўзинг билан машғул бўласан. Зеро, ўз нафсинг борасида қиладиган ишларинг етарлидир» («Ал-жарҳ ват-таъдил» 1-жилд, 124-бет).
Алишер Султонходжаев
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати