Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Пиёдалар йўлагини тўсиб қўйишнинг ҳукми

21.05.2024   1938   3 min.
Пиёдалар йўлагини тўсиб қўйишнинг ҳукми

Cавол: Ҳозирги кунда кўп қаватли уй ва ҳовлиларга тегишли пиёдалар йўлакларини темир панжаралар қуриб, мевали дарахтлар экиб ёки гулзорлар қилиб йўлакларни тўсиб қўйиш, қурилиш молларини ҳафталаб кўчаларда қолдириш, умумий фойдаланадиган жойларни автотураргоҳ қилиб олиш холатлари кузатилмоқда. Бу ишлар оқибатида пиёдалар, хусусан мактаб ўқувчилари автомобил йўлидан юришга мажбур бўлмоқдалар, гоҳида автоҳалокатлар ҳам учраб турибди. Динимизда кўчаларни, аҳоли фойдаланадиган жойларни ўз манфаати учун тўсиб олиш мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аҳоли фойдаланадиган жойлар, автомобил йўллари ҳамда пиёда йўлаклари барча баробар фойдаланадиган жойлар ҳисобланади. Ҳеч кимнинг уни эгаллаб олишга ҳаққи йўқ.

Ҳузайфа ибн Усайд розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким мусулмонларга уларнинг йўлларида озор берса у одамга, уларнинг лаънати вожиб бўлиб қолади” (яъни уларни лаънатига ҳақли бўлиб қолади) деганлари ривоят қилинади (Имом Табароний ривояти).

“Баҳрур роиқ” китобида: “Бирор киши омма йўлига ҳожатхона қурса, ё сув тарновини чиқариб қўйса, ёки минора ё дўкон қурса кўчадан фойдаланувчи ҳар бир киши уни бузиб ташлашни талаб қилиш ҳаққига эга бўлади. Шамсул аимма айтадилар: Оммани йўлига ўз фойдаси учун бирор нарса қуриш, йўлдан фойдаланувчиларга зарар қилса, дуруст эмас. Бироқ йўл кенг бўлиб, ҳеч кимга зарар қилмаса, фойдаланувчилардан қаршилик ҳам бўлмаса, бу дурустдир,” дейилади.

Ҳадиси шарифларда, мусулмонларнинг йўлларидан озорни олиб ташлаш, йўловчиларга кенг шароит яратиш савобли ишлардан экани таъкидланади.

 Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: “Ё Расулаллоҳ! Мени бирон ишга буюринг, шуни қилиб юрай”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлдан озорни четлатинг, шу сиз учун садақа бўлади”, дедилар (Имом Бухорий Ал-адабул-муфрадда ривоят қилганлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўл устидаги мусулмонларга озор берадиган бир дарахт (бута)ни кесиб ташлагани сабабли жаннатда кезиб юрган бир кишини кўрдим, деб айтдилар” (Имом Муслим ривояти).

Юқорида ўтган иборалардан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

Аҳоли фойдаланадиган жойларни, пиёдалар йўлакларини темир панжаралар билан беркитиб қўйиш, мевали дарахтлар экиб ёки гулзор қилиб тўсиб қўйиш ҳолатлари, автомобил йўлларида қурилиш молларини ҳафталаб қолдириш, йўловчиларга ва маҳалла аҳолисига зарар берса дуруст эмас.

Ҳеч кимга зарар бермайдиган ва бирон шахс эътироз билдирмаган ҳолатларда вақтинчалик фойдаланиб туриш мақсадида бу ишларни қилиш жоиз ҳисобланади. Лекин масъул томонлар ёки шу йўлдан фойдаланиш ҳаққига эга ҳар қандай шахснинг талаби билан бу нарсалар бартараф қилиниши лозим. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хоразмда янги ўқув йили олдидан хайрия тадбири ўтказилди

10.08.2026   724   1 min.
Хоразмда янги ўқув йили олдидан хайрия тадбири ўтказилди

Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.


Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.


Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Хоразмда янги ўқув йили олдидан хайрия тадбири ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари