Cавол: Қабр зиёратига борганда қабр устидаги тупроқларни юмшатиб, сув сепса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Қабрга сув сепишни уламолар мустаҳаб дейишган. Сув сепишнинг фойдаларидан бири қабрдаги тупроқларни шамол учириб кетишини олди олинади. Бу борада фиқҳий китобларимизда иборалар келган:
“Қабрга сув сепишнинг зарари йўқ, балки мустаҳабдир. Чунки Ибн Можа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг қабрига сув сепганларини ривоят қилган. Абу Довуд қилган ривоятда У зот алайҳиссалом ўғиллари Иброҳимнинг қабрига шундай қилганлар. Баззор қилган ривоятда У зот алайҳиссалом Усмон ибн Мазъуннинг қабрига шундай қилишни буюрганлар”. (“Раддул муҳтор” китоби).
Лекин шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қабр устига сепиладиган сув ҳаддан зиёд кўп бўлиб, унинг чўкишига олиб келмаслиги керак. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда тинчлик, меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик каби юксак қадриятларни кенг тарғиб этишга қаратилган хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан,13 август куни Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, отинойилар, «Ҳаж–2026» зиёратидан қайтган ҳожи оталар ва ҳожи оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Р.Собитов иштирок этди. Тадбир доирасида «Мустақиллик шукуҳи» шиори остида Урганч шаҳридаги боқувчисини йўқотган, етим, ночор ва кам таъминланган оилалардан 100 нафарига ВАҚФ жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бу хайрли амал орқали эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий кўмак ва самимий меҳр-эътибор улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги матбуот хизмати