Баъзи мусулмонлар ислом ҳукмларини ҳаётга татбиқ қилишда мутаассибликка йўл қўядилар. Динда бағрикенглик ва енгиллик ҳам борлигини эсларидан чиқаришади. Чунки улар ўзларини тўғри йўлда деб билишади. Фикримизни исботи сифатида қуйидаги ҳадисни келтирамиз: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, дин енгилдир. Ким динга мутаассиблик қилса, (дин) уни енгади. Бас, тўғри бўлинглар ва яқин бўлинглар...” (Имом Муслим ривояти.).
Бундай шахслар атрофдаги одамларнинг руҳиятига қаттиқ таъсир ўтказади. Уларга тўғри деб билган йўлини кўрсатишмоқчи бўлишади. Сабаби, динда шундай бўлиши керак, деган эътиқод билан ўзига қаттиқ буйруқ берган бўлади. Ўзини тергашдан, мен тўғри йўлдан боряпманми, деган саволларга жавоб беришдан қочиб юради. Охир оқибат, мутаассибона фикр юритиши, кўпчиликнинг қаршилигига дуч келгани натижасида динидан воз кечади. Ёки, тоқати етмай турган бўлса ҳам хатосидан қайтмай, машаққат билан динида қолади.
Лекин, ислом дини тор фикр юритиб, ҳукмларга амал қилишни қаттиқ қоралайди. Қуйидаги ҳадислар юқоридаги фикримизнинг айни маъносидир:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Яна шунингдек, “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Лекин ислом тарихидан хабари бор бўлган киши салафи солиҳлар ҳам тортишган-ку, ўз фикрларида туриб олиб бошқаларнинг фикрини хатога чиқарган, деб ўйлаши табиий. Бунга жавобан айтишимиз мумкинки, Салафи солиҳлар бир масалада тортишмоқчи бўлсалар мунозарали илм бўлиши учун тортишишган. Шунингдек, ўша масала баъзи ҳаётда учраб турадиган кичик муаммолар бўлган. Ҳозирги мутаассибларга ўхшаб катта масалаларда, яъни давлат тўнтариши, ҳукуматни ўзгартириш, ота билан фарзандни орасини ажратиш ва ҳоказоларга ўхшаш эмас. Салафи солиҳларнинг яна бир сифати, улар тортишган одамлари билан чиройли муомалада бўлишган. Бошқаларга илм бўлсин деб мунозара қилган шеригини яхши кўришган. Намоз ўқишда бири иккинчисига эргашган. Касал бўлганда ҳолидан хабар олиб, хайрли ишларда ўзаро ҳамкорлик қилишган. Улар ака-ука биродар бўлишган.
Бундай шахслар бир фикрда туриб олиши, мутаассибона фикр юритиши нафсига эргашишлиги, қул бўлишлиги ҳисобланади. Чунки Оллоҳни ўзи уларнинг кўзига парда тортган, қулоғини биткизган. Аллоҳ таъоло Каломи шарифида:
(Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига "илоҳ" қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?! (Жосия: 23).
Агар киши мутаассиблик деганда диндаги вожиб амалларни бажаришлик ва уларга интилиши маъносида бўлса, яъни намозини ўқиши, рўза тутиши, закот бериши, ҳажга бориши, ота-онасига яхшилик қилиши, оиласини тебратиб бўйнидаги вазифасини бажарса, шунингдек, алдов ва қўрқитишлар таъсири остида сусткашликка йўл қўймаслиги, яъни динни хато тушуниб қолган одамларнинг фикрига қулоқ солиб миясини заҳарлашлиги, ёки “дин” деб ватани, миллати, виждонига қарши қилиб сиёсатнинг “балчиқ”ига туширадиган шахсларга аралашмаслиги бўлса, мақтовли иш бўлади. Бу ҳолат динда мустаҳкам туриб уни қувватлантириш ҳисобланади.
Динни маҳкам тутиб, ундаги вожиб амалларни адо қилишга интилиш дегани, бошқа хил фикр юритадиган кишиларни ёмон кўриш, улар билан ўртада низо чиқариш, тарқоқлик ва фитна тарқатиш ини билдирмайди. Аллоҳ таъоло динда қарши чиқувчи кишилар тўғрисида шундай дейди:
Аллоҳ наздида ва Унинг Пайғамбари наздида мушриклар учун қандай аҳд-паймон бўлсин?! (Яъни, ҳеч қандай аҳд бўлиши мумкин эмас, чунки улар Аллоҳга ҳам, Унинг Пайғамбарига ҳам иймон келтирмайдилар, демак, берган ваъдаларини бузаверадилар), магар сизлар Масжид ал-Ҳаром олдида (яъни, Маккада) аҳдлашган кимсалар борки, улар модомики аҳдларида барқарор турар эканлар, сизлар ҳам аҳдларингизда турингиз! Албатта, Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар. (Тавба: 7)
Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассиблик қилувчи шахсларни қаттиқ қоралаган. Аллоҳ каломи шарифида: "Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар",(Тағобун: 15).
Бир фикрда қаттиқ туриб олиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш шаръан манъ қилинган ишдир. Агар ҳақлигига шубҳа қилмаса ва бошқаларга зарар бермаса киши ўз фикрида туриши мақталинган иш ҳисобланади.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси