Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бу иллат қадимги жоҳилиятда ўзига хос равишда авж олган. Хоҳ одамга бўлсин, хоҳ ҳайвонга бўлсин, «касал фалончидан юқди, шуни қилмаса бўлар эди», «у эди, бу эди» каби гапларни кўп эшитар эдилар. Бундай пайтда дунёда фақат касаллик ҳоким бўлиб қолганга ўхшайди. Ҳамма ёқда касаллик, нимани хоҳласа, шуни қила олади, деган фикр ҳукм суради. Бу ишларнинг ҳаммасининг тадбирчиси Аллоҳ таолонинг Ўзи эканлигини эса хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Ҳар бир нарса Аллоҳдан, деган эътиқод уларда йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:
«Бир туя қўтир бўлди. Юз туяни қўтир қилди (дейдилар). Биринчи туяни ким қўтир қилибди?» демоқдалар.
Ҳа, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш, агар Аллоҳнинг иродаси бўлмаса, қўтир касали юқмаслигини эсдан чиқармаслик керак. Ҳамма нарса ягона Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлишига эътиқод қилиш лозим.
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати