Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июл, 2026   |   5 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:26
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:56
Хуфтон
21:28
Bismillah
19 Июл, 2026, 5 Сафар, 1448

Подшоҳларнинг болалари кўрмаган лаззат

22.05.2024   874   3 min.
Подшоҳларнинг болалари кўрмаган лаззат

 Жаҳолат ва жоҳилликнинг энг асосий давоси китоб ўқишдир. Зеро, китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, акл қайроғи ва билим манбаидир. Унга ошно киши дунё ва охират шарафи бўлган илмни эгаллайди.

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳаларга оид бўлган китоблар ва адабиётлар кун сайин ортиб бормокда. Биргина диний йўналишда тафсир, Қуръони Карим маънолар таржимаси, ҳадис, ақида ва бошқа фанларга оид кўплаб китоблар она тилимизда нашр этилмоқда. Уларни мутолаа қилиш керак, холос.

Ўтмишда ота-боболаримиз Қуръон, ҳадислар билан биргаликда "Хамса", "Бобурнома", "Ўтган кунлар", "Меҳробдан чаён" сингари бадиий адабиётлар ва халқ оғзаки ижоди намуналарини ўқиб-айтиб улғайишган. Бугун орамизда бу бебаҳо маънавий бойликни кадрига етмаётганлар ҳам талайгина. Аксарият ёшлар ҳам, катталар хам ижтимоий тармоққа боғланиб, китоб мутолаасига беэътибор бўлди. Натижада уларнинг маънавияти, тафаккур қуввати заифлашди. Ҳаётда рўй бераётган айрим нохушликларнинг илдизи эса ўша илмсизлик ва китоб ўқимасликнинг аччик мевасидир. Бундай нохуш ҳолатлардан сакланиш учун ақлни илм ва китоб мутолааси билан чархлаб туриш лозим.

Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун келиб эскиради, бироқ инсониятнинг минг йиллар давомида қўлга киритган дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Буни улуғ зотлардан бизгача етиб келаётган бебаҳо асарлардан англаш мумкин.

Имом Муҳаммад ибн Хасан Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларидан хурсанд булиб: "Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган", деганлар.

Буюк мухаддис Имом Абу Довуд Сижистоний ўзига кийим тиктирганида, унинг енгини кенг килиб тиктирар, қаерга борса, ўша енгларида китоб бўлар экан. Бўш вақт топилди дегунча, китоб мутолаасига киришар экан.

Машҳур уламолардан Абул Фараж ибн Жавзий бундай дейди: «Мен китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Агар ўзим ўқиб кўрмаган бирорта китобни кўриб колсам, гўёки хазинанинг ичига тушиб колгандек бўлардим. Агар, "Йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман", десам ҳам, муболаға килмаган бўламан, лекин китоб ўқишда давом этаман», деган экан.

Ҳасан ибн Сахл айтади: «Маъмун ухлаганда атрофида китоблар турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир эди. Уйқудан уйғониб кетганда ҳам китоб ўқир эди. У инсон шундай васият қилар эди: "Ёлғизлик даҳшатини китоб ўқиш билан енггин. Албатта, китоблар сўзловчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир".

Ҳусайн Воиз Кошифий: "Ахлоқи Муҳсинин" асарида бундай дейди: "Энг яхши суҳбатдош ва энг мақбул дўсти улфат улуғларнинг китобидир".

Китоб илму дониш ва маънавий озуқа ҳосил қилишнинг асосий манбаидир. Шундай экан, китобни дўст билмоқ ва унга эҳтиром кўрсатмоқ ҳар биримизнинг вазифамиз ва жахолатни асосий давосидир

 Олимхон ИСАҚОВ

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Замонавий илмлардан тўсувчи мифлар

17.07.2026   11332   4 min.
Замонавий илмлардан тўсувчи мифлар

Бугун, ҳаётда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам, тушунарсиз мантиққа гувоҳи бўласиз. Қўлида энг сўнгги моделдаги смартфон ҳамда спутник орқали видео улашаётган “эксперт”, бизга замонавий илмлар керак эмас, фақат нарги дунёмизга оид илмини ўрганинг, қолган ҳаммаси вақтни беҳуда сарфлаш, душманларнинг ўйини, деб бонг уради.

Энг ачинарлиси, бундай чиқишлар остида минглаб “лайк”лар ва “тўғри айтдингиз, болаларни бошқа илмларга берайлик” қабилидаги соддадил замондошларимизнинг изоҳлари пайдо бўлади.

Хўш, аслида-чи? Замонавий илмларни инкор этиш, тиббиёт, IT, астрономия ёки физикани “бегона илм” деб билиш қадриятларга тўғри келадими ёки бу мутаассибликми ёки ахборот хуружининг маҳсулими?

Эътибор берган бўлсак, зеҳниятимизга замонавий илмларни инкор қилувчи мифлар ўрнашиб қолган.

1-миф: “Дунёвий илмлар диндан узоқлаштиради”. Бу даъво – илмсизликнинг олий кўринишидир. Тарихга назар солайлик, бугун дунё тан олган Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Ал-Беруний каби боболаримиз диний илмларни ҳам, замонавий фанларни ҳам бирдек мукаммал эгаллашган. Улар математика ва астрономияни ўрганиб, диндан узоқлашиб кетмаганлар. Аксинча, коинот қонуниятларини математик ҳисоб-китоблар орқали англаш уларнинг Яратувчининг қудратига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаган.

Бугун тиббиётни инкор этиб, “табиб”лик даъво қилаётган, фарзандларини таълимдан узиб, фақат бир томонлама ўқитмоқчи бўлаётганлар аслида жамиятни заифлаштиришга хизмат қилмоқда. Кучсиз, қарам ва носоғлом жамият эса ҳар қандай ташқи кучнинг осон ўлжасига айланади.

2-миф: “Замонавий технологиялар, IT ва ижтимоий тармоқлар –бузғунчилик қуроли”. Технология бу, шунчаки восита. Пичоқ билан нон ҳам кесиш мумкин, инсон ҳаётига суиқасд қилиш ҳам. Муаммо пичоқда эмас, уни ушлаган қўлда.

Бугун сунъий интеллект (AI), дастурлаш ва космик технологиялар асрида яшаяпмиз. Агар биз ўз ёшларимизни ушбу соҳалардан узоқлаштирсак, уларни “зарарли” деб эълон қилсак, яқин келажакда ўзгаларга қарам бўлиб қоламиз. Ижтимоий тармоқларда ўтириб, “технологиядан узоқ бўлинг” дейишнинг ўзи иккиюзламачиликдир. Асл маърифат замонавий воситаларни эгаллаб, уларни жамият ва инсоният фойдасига ишлата олишдир.

Ахборот хуружларини ташкил этувчи ташқи кучлар ва мутаассиб оқимларнинг бош мақсади битта: жамиятни фикрлашдан тўхтатиш. Саводсиз, таҳлил қила олмайдиган, кимё ва физика қонунларини тушунмайдиган, тиббиётга ишонмайдиган одамни бошқариш жуда осон.

Замонавий илмлардан маҳрум одамда танқидий фикрлаш шаклланмайди. У ҳар қандай сохта даъватга, диний тус берилган ёлғон ахборотга осонгина ишонади.

Илм-фан ва технологиядан орқада қолган миллат ҳамиша қашшоқликка ва бошқаларга муҳтожликка маҳкум. Бу эса мутаассиблик тузоғига тушиш учун энг қулай шароитдир.

Соғлом тафаккур илмни “диний” ва “дунёвий”га ажратмайди. Инсониятга, жамиятга нафи тегадиган ҳар қандан фойдали билим – шарафлидир.

Касалларни даволаётган шифокорнинг меҳнати, мураккаб дастурларни яратиб, одамларнинг оғирини енгил қилаётган IT мутахассисининг иши, юртни замонавий техникалар билан обод қилаётган муҳандиснинг изланиши – буларнинг барчаси савобли ва даромадли йўналишлардир.

Қуръони каримда дунё ва охиратдаги барча яхшиликларни ўзида жамлаган гўзал дуолардан бири бор.

Бақара сураси 201-оятида: “Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик бергин ва бизни дўзах азобидан асрагин”.

Бу дуо нафақат охиратни, балки бу дунёдаги соғлиқ, ҳалол ризқ, бахтли оила, фойдали илм ва тинчлик-хотиржамлик каби барча яхшиликларни сўрашни ўз ичига олади.

Тармоқларда сизни замонавий илмлардан, тил ўрганишдан ва тараққиётдан тўсмоқчи бўлган виртуал “донишманд”ларнинг гапларига танқидий муносабатда бўлинг. Зеро, миллатни енгиш учун уни қурол билан вайрон қилиш шарт эмас, уни илмдан, китобдан ва тафаккурдан айиришнинг ўзи кифоя.

Шермуҳаммад Болтаев,

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

масжиди имом-хатиби

 

МАҚОЛА