Аллоҳ таоло каломида: “Намозни адо этганингиздан сўнг Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эсланг. Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо сураси, 103-оят).
«Қуёш оғишидан то кун қоронғисигача намозни тўкис адо қил. “Фажр Қуръони”ни ҳам. Албатта, “фажр Қуръони” гувоҳлантирилгандир» (Исро сураси, 78-оят).
“Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир” (Тоҳа сураси, 132-оят).
Аллоҳ азза ва жалла бизга эслатаётган оятларида унинг бошқа ибодатларга нисбатан намозга кўпроқ эътибор бериши қўрқиладиган ҳолдир. Бу ердаги ҳикмат очиқ ва равшан. Ҳикмат шуки, инсоннинг Аллоҳ таоло билан бирга бўлишидир. Инсоннинг Аллоҳ билан боғланиб турадиган деразаси – намоздир. Инсон қандай қилиб доим Аллоҳ билан бирга бўла олади? Аллоҳ таоло биз меҳмон бўладиган ва кириб ўтирадиган бирор ерга жойлашишдан холи ва покдир.
Шундай экан, биз қандай қилиб У Зот билан бирга бўламиз? Сиз Аллоҳнинг олдига ҳар куни беш маҳал меҳмондорчиликка борасиз. У сизни йигирма тўрт соат мобайнида беш вақт намоз билан меҳмон қилади. Сиз намозда турганингизда у билан бирга эканингизни, Парвардигор сизнинг дуоларингизни эшитаётганини биласиз. Мана шу Аллоҳ таолонинг меҳмон қилишидир.
Шайх Муҳаммад Саид
Рамазон БУТИЙ
30 май куни “Ҳаж – 2026” мавсуми Ишчи гуруҳи раҳбари – Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, шифокорлар жамоаси етакчиси Алишер Саатов иштирокида ҳаж ибодати муваффақиятли амалга оширилгани юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда соҳа раҳбарлари ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж амаллари ташкилий ва шаръий жиҳатдан жуда чиройли адо этилганини билдириб, Мино, Арафот, Муздалифа, Жамаротдаги ибодатлар ва қурбонликлар ўз вақтида сифатли ҳамда манбаларда белгиланган тартибда бажарилганини алоҳида таъкидладилар. Бунинг учун тинимсиз меҳнат қилган ишчи гуруҳи, мингбошилар, элликбошилар, шифокорлар ва ошпазлар жамоаларига алоҳида миннатдорлик изҳор этдилар.
Шунингдек, ҳаж мавсуми давомида юртимиз ҳожилари Давлатимиз Раҳбарининг бевосита кўмакларини, беқиёс ғамхўрликларини ҳис қилиб турганлари, улар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилганини алоҳида қайд этдилар.
Айниқса, Президентимизнинг ҳожилар ҳолидан хабардор бўлиб турганлари, қўнғироқ қилганлари, Қурбон ҳайити билан бутун халқимизни қутлагани барча юртдошларимиз қатори ҳаж сафарида юрган ҳамюртларимизни ҳам ниҳоятда қувонтиргани алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда таъкидланганидек, “Ҳаж – 2026” мавсуми тарихий натижа ва улкан муваффақиятларга бой бўлгани эътироф этилди.
Зиёратчилар муқаддас манзилларда тоат-ибодатларини рисоладагидек бажариб, хатми Қуръонлар қилдилар, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва Давлатимиз Раҳбари ҳаққига самимий дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати