Шаратимиз кўрсатмаларида жамоат намозига тарғиб қилинади. Умуман олганда мусулмонлар ўзаро меҳр-оқибатда яшашлари ва ҳожатмандлар муҳтожларнинг эҳтиёжларини яхши ҳис қилишлари ҳамда жамият аъзоларининг ҳол-аҳволларидан хабардор бўлиб туриши учун ҳам жамоатга эҳтиёж сезилади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда айтади: “Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг” (Бақара, 43).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жамоат намози ёлғиз намоздан (яъни ёлғиз ўқувчининг намозидан) йигирма етти даража ортиқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ривоят қилинишича қиёмат куни бўлганида Аллоҳ таоло юзлари юлдуз каби бўлган бир қавмни тирилтиради. Фаришталар улардан сўрайди:
“Сизлар нима амал қилгансиз?”.
Улар жавоб берадилар:
“Биз азонни эшитган вақтимизда ҳамма ишни ташлаб, таҳорат олгани турардик”.
Яна бир қавмнинг юзи ой каби нурли бўлур. Улардан сўрайдилар:
“Сизлар нима иш қилгансизлар?”.
“Биз азондан олдин таҳорат олардик”.
Ва яна бир қавм бўлади, уларнинг юзлари қуёш каби порлоқ, нурафшон бўлади. Улардан ҳам бунинг сабаби сўралганида улар шундай жавоб берадилар:
“Биз доимо азонни масжидда эшитардик”.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.
Юртимизда аҳоли маънавиятини юксалтириш, соф эътиқод ва миллий қадриятларимизни кенг ёйиш ҳамда халқимизга тўғри ва ишончли диний-маърифий илмларни етказишда даврий матбуот нашрларининг ўрни беқиёс.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2026 йилги обуна мавсумида фаол иштирок этиб, ушбу нашрлар тарғиботига муносиб ҳисса қўшган соҳа масъуллари ва имом-хатибларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Шамсиддинхон Бобохонов» нашриёт-матбаа ижодий уйи Даврий нашрлар бўлими бошлиғи Иброҳим Иномов ҳамда нашрлар бош муҳаррири Абдужалил Хўжамов иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мазкур газета ва журналлар шунчаки матбуот воситаси эмас, балки ҳар бир хонадонга илм-маърифат, соғлом эътиқод ва фазилат олиб кирувчи мўътабар маънавий манбалардир. Улар орқали халқимиз мўътадил диний илмларни ўзлаштириб, ўзларини қизиқтирган саволларга расмий ва асосли жавоблар олиш имконига эга бўлади.
Мулоқот давомида диний нашрларнинг жамиятдаги аҳамиятини ошириш, аҳолини мутолаага жалб этиш ва янги босқичдаги обуна ишларини янада самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир якунида нашрларни аҳоли орасида кенг тарғиб этишда фидойилик ва ташаббускорлик кўрсатган бир гуруҳ имом-хатиблар ва соҳа ходимларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати