Дубайда икки йилда бир марта ўтказиладиган Ислом хаттотлик санъати кўргазмаси ислом давлатларидан 200 нафар хаттот иштирокида бошланди.
“ИҚНA” сайтининг “аш-Шарқ” матбуотига таяниб хабар беришича, Дубай маданият ва санъат департаменти дунёнинг турли бурчакларидан 200 га яқин хаттот ва рассомларни жамлаган ва Дубай бўйлаб 35 та жойда 19 та кўргазма ташкил этадиган “Дубай хаттотлик биенналеси” ўз фаолиятини бошлади.
Кўргазмага қўйилган асарлар орасида ислом хаттотлиги, анъанавий ва замонавий типография 8 тилда ўрин олган.
Ушбу биенналенинг очилиши 11-Дубай халқаро араб хаттотлиги кўргазмаси доирасида бўлиб ўтади ва шу йилнинг 31 октябригача давом этади.
Мазкур кўргазманинг очилишида Дубай Маданият бошқармаси раҳбари Шайха Латифа бинт Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум бундай деди: “Хаттотлик миллий ўзлигимизни англашдаги устунлардан бири саналиб, маҳаллий ҳамда араб маданияти ва меросимиз бойлигини ифодаловчи, илҳомлантирувчи воситадир”.
У қўшимча қилди: “Дубай ижодий иқтисодиётда сифатли ўзгаришларни амалга ошириш ва ижодий истеъдодларни қўллаб-қувватловчи барқарор бадиий муҳитни яратиш тарафдоридир. Дубай халқаро хаттотлик кўргазмаси Ислом санъатини асраб-авайлаш, араб маданиятининг эстетикаси ва бойлигини ёритиб, унинг ижодий мазмунини дунёга таратишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати