Faxritdin Xudoynazarov,
Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi ilmiy xodimi
Мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиш, улар билан маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш мақсадида бир гуруҳ таниқли уламолар ва имом-хатиблар хизмат сафарига йўл олган эди.
Айни пайтда Жанубий Корея Республикасида бўлиб турган Шаҳрисабз шаҳридаги “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Акмал қори Низомов ватандошларимиз билан учрашувлар ўтказмоқда. Жумладан, Мокпо шаҳрида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик фуқаролар билан самимий мулоқотлар ташкил этилди.
Учрашувлардан кўзланган асосий мақсад — ватандошларимизга муборак Рамазон ойини кўтаринки руҳда, ибодат ва эзгу амалларга бой тарзда ўтказишларига кўмаклашиш, уларнинг диний саводхонлигини янада оширишдан иборат.
Суҳбатлар давомида рўза тутишнинг фазилатлари, таровиҳ намозининг аҳамияти, сабр-қаноат, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат масалалари атрофлича ёритилди. Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилиб, амалий тавсиялар тақдим этилди.
Бундай маънавий-маърифий учрашувлар хориждаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг юксак маънавий руҳини мустаҳкамлаш ва Ватан билан боғлиқлик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати